Кўчмас мулк | 15:43
573
3 дақиқада ўқилади

Пойтахт уй-жой бозорида фаоллик пасайди. Бу нақдсиз олди-сотди тартибининг жорий этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин

Тошкент шаҳри туманлари ўртасида уй-жой нархлари фарқи катталашяпти. Тўлиқ таъмирланган хонадонларнинг 1 кв метри бўйича ўртача таклиф нархлари қуйидагича: Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида — 1413–2121 доллар, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Чилонзор ва Яшнободда — 1195–1797 доллар, Учтепа, Олмазор ва Сергелида — 900–1367 доллар. Уй-жой бозорида 2–3 хонали сегментларда нарх нисбатан барқарор сақланяпти. Бирламчи бозорда 4+ хонали уйларда арзонлаш кузатилган.

Фото: Kun.Uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан 2026 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жой нархлари ва бозор фаоллиги таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, ўтган ойда уй-жой бозорида фаоллик пасайди. Мазкур даврда умумий эълонлар сони 44,5 мингтани ташкил қилиб, март ойига нисбатан 13,4 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,7 фоизга қисқарган.

Эълонлар сонида бирламчи бозор улуши ортиб боряпти. Хусусан, уй-жой эълонлари таркибида бирламчи бозор улуши 2024 йил январь ойидаги 33,8 фоиздан 47,6 фоизгача ошган, иккиламчи бозор улуши эса 66,2 фоиздан 52,4 фоизгача камайган.

Уй-жой бозорида 2–3 хонали сегментларда нарх нисбатан барқарор сақланяпти. Бирламчи бозорда 4+ хонали юқори нарх сегментида пасайиш кузатилаётган бўлса, иккиламчи бозорда ушбу сегментда мўътадил ўсиш қайд этилган
Бирламчи бозорда нархларнинг ўзгариши:

·       3 хонали — (+1,8 фоиз);

·       2 хонали — (+0,7 фоиз);

·       1 хонали — (−1,6 фоиз);

·       4+ хонали — (−2,1 фоиз).

Иккиламчи бозорда нархларнинг ўзгариши

·       1 хонали — (+3,5 фоиз);

·       2 хонали — (+0,4 фоиз);

·       3 хонали — (+1,2 фоиз);

·       4+ хонали — (+0,6 фоиз).

Тўлиқ таъмирланган уй-жойлар бўйича 1 м² учун ўртача таклиф нархлари туманлар кесимида фарқланади: Миробод, Яккасарой, Мирзо Улуғбекда: 1413 -2121 доллар, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Чилонзор ва Яшнабодда 1195-1797 доллар, Учтепа, Олмозор ва Сирғалида 900-1367 доллар оралиғида.

Тўлиқ таъмирланган хонадонларнинг ҳудудлар ўртасидаги нарх тафовути бирламчи бозорда 2 баробардан ошади. 4 хонали тўлиқ таъмирланган хонадонларда, бирламчи бозор: Миробод — $2117/м² бўлса, Сирғали — $922/м².  Иккиламчи бозорда бу кўрсаткич қуйидагича: Миробод — $1 677/м², Сирғали — $900/м².

МҲТИ экспертларининг қайд этишича, Яшнобод туманида кузатилаётган нарх ўсишига қурилиш фаоллиги, инфратузилма ривожи ҳамда “Янги Тошкент” лойиҳаси билан боғлиқ кутилмалар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Қайд этилишича, нақдсиз олди-сотди тартибининг жорий этилиши дастлабки ойда нархларда кескин ўзгариш келтириб чиқармаган. Якуний таъсирни баҳолаш учун 2026 йилнинг 2–3-чоракларидаги динамика муҳим бўлади.

 Таҳлиллар Olx.uz очиқ эълонлари асосида тайёрланган бўлиб, ундаги нархлар таклиф нархларини акс эттиради, якуний битим баҳоси бундан фарқ қилиши мумкин.

 

 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид