Бугун дунёнинг саноқли давлатлари қитъалараро ракетага эга. Улар сафига сўнгги йилларда ҳарбий салоҳиятини анча оширган Туркия ҳам қўшилмоқда. Бундан бир неча кун олдин Истанбулда бўлиб ўтган халқаро мудофаа, авиация ва космик саноат кўргазмасида Туркия Миллий мудофаа вазирлиги “Yildirimhan” қитъалараро ракетасини тақдим этди.

Хўш, биринчи қитъалараро баллистик ракета қаерда тайёрланган ва ҳозирги пайтда қайси давлатлар унга эгалик қилади. Қўйида шу ҳақда гаплашамиз.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг дунёнинг турли ҳудудларини назоратга олиш бўйича АҚШ ва СССР ўртасида кескин рақобат бошланди.

Томонларнинг қуролли аралашуви ортидан Хитой, Корея яримороли, Ҳиндихитойда фуқаролар уруши бўлиб ўтди. Кубада коммунистик тузум тарафдорлари томонидан давлат тўнтариши амалга оширилди.

Ана шундай можаролар фонида АҚШ ва СССР қуролланишга ҳам зўр берди ва янги қуроллар ихтиро қилди. Узоқ масофага уча оладиган ракеталар тайёрланди.

Аввалига 500-1 000 км узоқликка учадиган ракеталар, сўнг 5 000 км масофагача учиб бора оладиган қурилмалар яратилди. 1950-йилларнинг биринчи ярмида 5 000 километрдан ҳам узоққа уча оладиган ракеталар тайёрлаш устида ишлар бошланди.

Аслида бундай ракеталар лойиҳасини немис конструктори Вернер фон Браун 1942 йилда бошлаганди. Бироқ Германиянинг Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубияти унга ишни охиригача етказиш имконини бермайди.

alamy.com

1945 йилда фон Браун ўз жамоаси билан АҚШ ҳарбийларига асир тушади. Унинг салоҳиятини яхши билган америкаликлар ўша йили кузда уни океан ортига юборишади.

Фон Браун АҚШда қитъалараро ракеталар тайёрлаш лойиҳаларида иштирок этади ва 1955 йилда унга фуқаролик берилади. 1960 йилда фон Браун NASAʼга ишга ўтади. Унгача конструктор бир нечта қитълараро ракеталар лойиҳасини тайёрлаб беради.

Биринчи қитъалараро ракета қаерда тайёрланган?

Дунёдаги биринчи қитъалараро ракетани СССР ва АҚШ конструкторлари қарийб бир вақтда, олдинма кейин тайёрлашади. Жумладан, 1957 йилда советлар Р-7 ракетасини синовдан ўтказади ва 1960 йилда у қуролли кучларга етказиб берилади.