2025 йилнинг 11 ойида кибержиноятчилар ўзбекистонликларнинг банк карталаридан қарийб 2 трлн сўм ўғирлаган. Шундай жинояти учун жазо муддатини ўтаётган 22 ёшли маҳкум Kun.uz билан суҳбатда кибержиноятлар ортида қандай тизим тургани, одамлар қандай алданиши ва нега бу “империя” ҳали узоқ яшаши ҳақида гапирди.

Кибержиноят – бу оддий фирибгарлик эмас, балки иерархияси, вазифалари ва ички қоидалари бўлган яширин индустрия. У ерда одамлар бир-бирини танимайди, қаердалигини билмайди, аммо минглаб инсонларнинг банк карталари ва шахсий маълумотлари устида ишлайди.

“Бу худди империя эди”

Kun.uz суҳбатлашган 22 ёшли маҳкумнинг айтишича, у дастурлашга қизиққан ва 16 ёшидан бошлаб бир неча йил давомида шундай гуруҳлардан бирининг аъзоси бўлган.

 “Адашмасам 2022 йил эди, ўзимизга ўхшаган – пластикдан пул ечадиган скаммерлар гуруҳимизга видео ҳаволасини ташлашди. Кирсам “Субъектив” лойиҳаси экан. Улар одамларни огоҳлантириш учун бизнинг гуруҳга кириб, ҳаммасини ўрганиб тўлиқ ёритган, ишимизнининг ҳаммасини тушунтириб берган.

Гуруҳда ўша пайтда оммалашган ҳар хил иловаларнинг фишинг сайтларини ясаб одамларга қармоқ ташлардик. “Пул ютилди”, “пул бериляпти” деган фирибгарлик усуллари билан карталардан пул ечиларди. Одамлар бунга ишониб пул оламан деб карта рақамларини ёзиб, ўз пулини бериб қўйганини билмай қолишарди. Гуруҳда 400 нафарча одам бор эди, ичида 8 та админстрация [етакчилар] бор, қолганлари оддий ишчилар эди – воркерлар, “мошенник”лар ишларди. Биз бот яратганмиз, ўша ботдан автоматик ҳавола бериларди. Ишчилар ўша ҳаволалар билан одамларни алдашарди. Алданганлар карта маълумотларини сайтга киритганда бизга келарди. Картасига кириб операцияларни бажарар эдик. Пул ечардик, бу пулни хавфсиз жойга ёки хорижга чиқарардик. Бу худди империя эди”.

Минглаб одамларнинг шахсий маълумотлари фирибгарлар қўлида

Унинг айтишича, кибержиноятчиларнинг асосий қуроли: одамларнинг ишонувчанлиги ва шахсий маълумотларга нисбатан бепарволиги.

“Ботда яратилган ҳаволалар орқали одамлар ўз шахсий маълумотларини юборишади. Бу маълумотлар бизнинг базамизга келиб тушади. Мана шу резервга тушган маълумотлар сотилади. Шунақа ёпиқ гуруҳлар бор, уларга махсус таклиф орқали кирилади. Уларда одамларнинг шахсий маълумотлари сотилади. Ўзбекистонда 37-38 млн аҳоли бўлса, шундан 500 минггача одамнинг маълумотлари бор. Хоҳлаганингизни олиб ишлатаверасиз.