Ўзбекистон | 17:24
1335
2 дақиқада ўқилади

Июн кўп ёндирмайди

Жорий ҳафтада июн учун нисбатан салқин об-ҳаво ҳукм суради. Кундузи ҳаво ҳарорати +32...+37° атрофида бўлиб, кечалари ва тонгги соатларда ёқимли салқинлик сақланади. Дам олиш кунларида эса қисқа муддатли жазирама кузатилиши мумкин. Июннинг учинчи ҳафтасидан бошлаб мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида намгарчилик ошиши кутилмоқда.

Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво прогнозларини иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов билан жонли эфирда таҳлил қиламиз.

Ҳафта давомида атмосфера жараёнлари Ўзбекистон ҳудудида нисбатан барқарор бўлиб қолади. Асосий ёғингарчиликлар тоғли ҳудудларда сақланиши кутилмоқда. Сешанба кундан бошлаб эса Фарғона водийси вилоятларида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли жала ёғинлар кузатилиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати иш кунлари давомида мавсумий меъёр атрофида бўлиб, аҳоли учун нисбатан қулай шароит яратади. Фақат ҳафта охирида минтақага иссиқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида қисқа муддатли жазирама кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.

Ўрта муддатли прогнозлар эса июннинг учинчи ҳафтаси мамлакатнинг катта қисмида намгарчиликнинг кучайишига ишора қилмоқда. Айрим ҳудудларда жала ёғинлар ва момақалдироқли жараёнлар такрорланиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги учун эътиборлиси – келаётган ўн кунлик давомида шамолли кунларнинг тез-тез такрорланиши кутилмоқда. Бу айниқса суғориш, кимёвий ишлов бериш ва айрим агротехник тадбирларни режалаштиришда ҳисобга олиниши лозим.

Айни пайтда Жаҳон метеорологик ташкилоти томонидан эълон қилинган ёзги мавсумий прогнозларда ҳам Марказий Осиё ҳудуди учун ёғин миқдори асосан иқлимий меъёрга яқин бўлиши, айрим жойларда эса меъёрдан юқори кўрсаткичлар қайд этилиши мумкинлиги таъкидланган. Бу эса жорий ёзнинг айрим даврларида намлик захиралари нисбатан яхшироқ шаклланиши мумкинлигини кўрсатади.

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид