Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Кибергигиенага амал қилиш керак” — қамоқдаги кибержиноятчи картасидан пул ўғирлатаётганлар ҳақида
Ўзбекистонда фуқароларнинг банк карталаридан пул ўғирланиши ҳолатлари тўхтамаяпти. Айни пайтда жазо муддатини ўтаётган 22 ёшли маҳкум Kun.uz билан суҳбатда одамларнинг шахсий маълумотлари ва тасдиқлаш кодларини бошқаларга бериши ҳали ҳам жиноятчилар учун асосий имконият бўлиб қолаётганини айтди.
Банк карталаридан пул ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида деярли ҳар куни хабарлар чиқади. Аммо бу жиноятларни содир этган шахсларнинг ўзи бу муаммога қандай қарайди? Маҳкумнинг айтишича, фирибгарлар қўллаётган усуллардан кўра, одамларнинг ўз шахсий маълумотларини бемалол бошқаларга бериб қўяётгани каттароқ муаммо.
“2020 йил мени Фарғонага вақтинча сақлаш муассасасига олиб кетишди. У пайтда 17 ёшдаман, ҳеч нарсани билмайман, вояга етмаганман. Тушунмайман: қамоқ нима? Тасаввурим йўқ. Қоронғи, зах хонага кирдим. Ўйладимки, 5-10 йиллаб қолиб кетаман шу ерда. Тушкунликка тушиб, ўзимга ўзим ваъда бердим бу ишларимни тўхтатишга.
Бизда жуда кўп эпизодлар бўлган. 6 ой, узоғи 1 йил давомида ишлаган бўлсак, кунига 3-4 та жабрланувчига тўғри келарди. Сон-саноғи йўқ эди уларнинг. Мен тўхтатганимдан кейин ҳам тўхтамади бу нарса. Тўрт йилдан бери ҳали ҳам тўхтамасдан келяпти.
Бу нарсани тўхтатишнинг иложи йўқ, чунки мен тўхтатганим билан мендан бошқаси бор. У тўхтатса, ундан бошқаси бор. Ишлаётганлар жуда кўп. Буни тўхтатишнинг ягона йўли – халқнинг ўзи огоҳ бўлиши керак. Халқ ишонмаслиги керак.
Агар одамлар ўзига келаётган кодларни, шахсий маълумотларини бошқа бировга бермаса, картасидан ҳеч қачон пул ечилмайди. Масалан, Россияда дўконда сотувчига карта кодларини айтишмайди. Бизда эса картани бериб, кодини ҳам айтишади. Чунки буни билишмайди ва ҳаммаси шундан келиб чиқяпти.
Ягона айтадиган нарсам: маълумотларни ҳеч кимга беришмасин. Давлат ташкилотлари ҳеч қачон сиздан шахсий маълумотларингизни, карта рақамларингизни сўрамайди. Агар ҳақиқатан керак бўлса, чақириб суҳбат қилади. Телефон орқали ҳал қилмайди ҳеч нарсани.
Одамлар ўзи огоҳ бўлиши керак. Ҳозирги замонда ҳар қандай қўнғироқ ёки хабарга ишониб кетавериш мумкин эмас. Кибергигиенага амал қилиш керак”, — дейди маҳкум.
Тўлиқ кўрсатувни Kun.uz’нинг Youtube саҳифасида кўринг.