4 июн куни шоир ва журналист Фозил Фарҳод ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани «Оқтепа» сув омбори яқинидаги ўрмонни барпо қилган Александр Фединни кўришга боргани, аммо ўрмон ундан олиб қўйилгани, ўзи вилоят руҳий касалликлар шифохонасида қолаётгани ҳақида хабар бериб, жамоатчиликни бу ҳолатга эътибор қаратишга чақирди.

Александр Федин 1959 йилда Тожикистонда туғилган, чақалоқлигида эса ота-онаси билан Сурхондарёга кўчиб келган. У Жарқўрғон туманида вояга етган, ўзбек тилида сўзлашади.

1986 йилда унинг қариндошлари Россияга қайтган, ўзи эса Жарқўрғонда қолган. 

Федин 1989 йилда Жарқўрғонда давлатдан 4 гектар ер олган. Қаттиқ ва ташландиқ жойга дарахт экиб, боғ қилган. Шундан кейин унга яна 80 гектар ер берилган.

Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси маълумотларига кўра, бу ўрмонзорда 30 турга яқин жонивор, 500 турдан ортиқ дарахт мавжуд (шулардан 50 турдаги дарахт ва 12 турдаги ҳайвон «Қизил китоб»га киритилган). Бундан ташқари, Федин ўша ерда «Оқтепа» ов хўжалиги фаолиятини ҳам йўлга қўйганди.

2023 йилда Федин «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан мукофотланган.

2025 йил августида эса президент Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ, «Оқтепа» ов хўжалиги раҳбари сифатида «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Фозил Фарҳоднинг ҳикоя қилишича, 2025 йил октябрида Федин ўз ўрмонидан чиқариб юборилган ва ҳудуд ҳарбийларга ўтиб кетган, у ерни ижарага олган шахс дам олишга келувчилардан тўлов ундира бошлаган.

Шундан кейин журналист Фединни кўриш учун Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Сурхондарё вилояти филиалига йўқлаб борган.

«Федин билан гаплашдим. Китобга қўлхат ёзиб бердим. Хурсанд бўлди. Қаровчиларга у ноёб одам, яхши қаранглар дедим. У руҳий касал эмас. Ўрмонидан кетказишгани унга таъсир қилган. Ҳозир дўхтирлар уни олиб кетинглар деяпти. Аммо у борадиган жой йўқ. Охирги пайтларда у овчи дўстларининг уйида яшаган», – дейди Фозил Фарҳод.