Visual Capitalist инфографикасида ишлаб чиқаришни роботлаштириш даражаси энг юқори бўлган 22 та иқтисодиёт келтирилган. Рейтинг Халқаро робототехника федерацияси — IFR томонидан 2026 йил апрелда эълон қилинган, 2024 йилга оид маълумотларга асосланган.
Бунда мамлакатдаги роботларнинг умумий сони эмас, балки қайта ишлаш саноатида банд бўлган ҳар 10 минг ходимга нечта ишлаётган саноат роботи тўғри келиши ҳисобланган.
Саноат роботлари автомобил кузовларини пайвандлаш, электроника йиғиш ва маҳсулотларни қадоқлаш каби вазифаларни бажаради. Лекин роботлар сонининг кўплиги мамлакат мазкур нисбий кўрсаткич бўйича ҳам етакчи эканини англатмайди.
Жанубий Корея ва Сингапур олдинда
Жанубий Кореяда ҳар 10 минг саноат ходимига 1220 та робот тўғри келади. Жаҳон бўйича ўртача кўрсаткич эса 132 тани ташкил этади.
Иккинчи ўриндаги Сингапурда ҳар 10 минг ходимга 818 та робот тўғри келган. Бу учинчи ўринни эгаллаган Германия кўрсаткичидан қарийб икки баробар кўп: Германияда ушбу рақам 449 тани ташкил этган.
Жанубий Кореяда электроника ва автомобил саноати юқори даражада ривожланган. Айнан шу икки тармоқ саноат роботларининг дунёдаги энг йирик истеъмолчилари ҳисобланади. 2024 йилда жаҳон бўйича янги ўрнатилган роботларнинг қарийб ярми ушбу соҳалар ҳиссасига тўғри келган.
Автоматлаштиришни рағбатлантираётган яна бир омил — демографик вазият. Манбада келтирилишича, 2025 йилда Жанубий Кореяда туғилишнинг йиғинди коэффициенти бир аёлга 0,75 нафар болани ташкил этган. Бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, ишлаб чиқарувчилар меҳнат ресурслари қисқаришига дуч келмоқда.
Сингапурда ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилмоқда. Қайта ишлаш саноатида ходимлар сони нисбатан кам бўлган мамлакатда туғилиш коэффициенти бир аёлга 0,96 нафар болани ташкил этади.
Нега Хитой етакчи эмас?
2024 йилда Хитойда қарийб 2 миллионта саноат роботи ишлаган. Бу дунёда фойдаланилаётган барча саноат роботларининг тахминан 43 фоизи демакдир.
Бироқ мамлакатнинг қайта ишлаш саноатида жуда кўп одам меҳнат қилади. Шу сабабли ҳар 10 минг ходимга тўғри келадиган роботлар сони 166 тани ташкил этган.















