Бугун ўзбек футболи учун тарихий кун. Миллий жамоамиз ЖЧларидаги илк ўйинида майдонга тушди. Ҳа, биз жуда кучли, ваҳший Колумбияга мағлуб бўлдик, лекин позитив жиҳатлар ҳам бор. Кўпчилик дебют ўйинида «сочилиб кетишимиз», назорат издан чиқишидан қўрққанди. Бундай бўлмади, футболчиларда ҳаяжон, хатолар бўлди, лекин довдираш, «мандраж» бўлмади. Шахсан мен ўйиндан хурсанд бўлдим, афсонавий футболчи Каннаваро жамоага хотиржамлик қўша олибди.
Биринчи гол бор
Демак ўйиндаги энг позитив жиҳат мундиаллардаги илк голимизни урганимиз бўлди. Ўзбекистон натижа керак деб қуруқ, антифутбол ўйнамади, имкон қадар ҳужумкор, ёрқин ўйин кўрсатишга, тўпни назорат қилишга уринди. Айниқса гол урган вазиятимизда ҳамма зўр ўйнади: марказдан ҳужумни бошлаган Отабек ҳам, жуда тўғри «калит узатма» берган Акмал Мозговой ҳам, охиригача курашиб, тўпни Элдорга узатган Достон ҳам, дарвозабон учун ёқимсиз зарба берган Шомуродов ва жуда зўр жой танлаган Аббос ҳам. Ўзбекистон 80 минг мухлис сариқ либосда Колумбия деб бақираётган стадионда ҳисобда ортда бораётиб, мувозанатни тиклади, тасаввур қиляпсизми?
Кейинги позитив жиҳат жамоадаги хотиржамлик. Фабио Каннаваро ўз тажрибаларини ўртоқлашиб, футболчиларга хотиржамлик бера олгани кўринди. Шахсан мен ҳеч бир футболчининг оёғи қалтираганини кўрмадим. Агар ҳакам колумбиялик футболчи Элдор билан курашда тўпни қўли билан ўйнагани учун пеналти берганида, вазият буткул бошқача бўлиб кетарди. Ўзи бу чемпионатда ҳакамлар жуда ғалати қарорлар қабул қиляпти. Жарима майдончаси ичида ҳимоячи тўпни нотабиий ҳолатдаги қўли билан ўйнаса, қандай пеналти бермаслик мумкин, жаноб Тейлор? АПЛда қўл билан ўйнаш мумкинми ёки?
Хатолар
Колумбия юқори даражадаги жамоа экани яққол кўринди. Бу Ўзбекистоннинг бутун тарихидаги энг кучли рақиби бўлди. Колумбия асло биз мағлуб этган Венесуэлага ўхшамайдиган, ҳақиқий Лотин Америкаси анъаналарига хос агрессив, ваҳший ўйин кўрсатадиган жамоа. Бундай характердаги жамоанинг деярли барча футболчилари Европа клубларида ўйнаши уларни янада қўрқинчли қилади.
Колумбия бизни кучли ўйини билан мағлуб этди, лекин охирги икки гол бизнинг хатолардан кейин урилганини ҳам тан олишимиз керак. Иккинчи голда Шомуродов марказда тўпни йўқотди. Колумбия жуда тез қарши ҳужумга ўтди ва гол урди. Зарбани Юсупов қайтарса бўларди, тўпга қўли тегди ҳам. Учинчи голда Ўрозов яккама-якка курашда рақибни ўтказиб юборди. Жаҳонгир тўпни аутга тепиб юбориши ҳам мумкин эди, лекин 1:2 ҳисобида биз ҳужум қилишимиз керак эди, шу сабаб у тўпни майдонда сақлаб қолиб, ҳужумга етказиб беришга умид қилганди. Жамоа бутунлай ҳужумга эътибор қаратгани учун учинчи гол вақтида ҳимояда концентрацияни йўқотиб қўйди.














