Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Япониянинг Сукуба университети президенти Кёсуке Нагата Ўзбекистон–Япония қўшма университетини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолади.

Келишувга мувофиқ, янги университет замонавий техник ва бошқарув компетенцияларига эга юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги таълим, илмий ҳамда маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакат олий таълим тизимини халқаро академик ҳамжамиятга янада интеграция қилишга хизмат қилади.

Таъсисчилар Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Сукуба университети мувофиқлаштирадиган Япония университетлари консорциуми бўлади. Сукуба университети академик ва таълим жараёнлари ҳамда консорциум фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилот сифатида иштирок этади.

Дастлаб университетда сунъий интеллект ва рақамли трансформация ҳамда бизнес бошқаруви йўналишлари бўйича магистратура дастурлари йўлга қўйилади. Кейинги босқичларда докторантура ва бакалавриат дастурларини очиш режалаштирилган. Таълим жараёни инглиз тилида олиб борилиб, Япония олий таълими модели асосида ташкил этилади. Шунингдек, талабалар учун Японияда қисқа муддатли таълим дастурлари ҳамда япон тили ва маданиятига оид курслар ташкил этилади.

Ўзбекистон томони университетнинг кампуси, замонавий ўқув ва илмий инфратузилмаси, профессор-ўқитувчилар ҳамда маъмурий ходимлар фаолиятини молиялаштиришни таъминлайди. Сукуба университети эса ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, Япония университетлари консорциуми фаолиятини мувофиқлаштириш, профессор-ўқитувчиларни жалб этиш ва академик алмашинув дастурларини ташкил этишда кўмаклашади.

Режага кўра, 2026 йил сентябр ойидан Тошкент шаҳрида тайёргарлик офиси иш бошлайди. Магистратура дастурларига илк қабул 2028/2029-ўқув йилидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган.