Ўзбекистон | 14:17 / 22.12.2021
10996
3 дақиқада ўқилади

“Бир-иккита идораларнинг эътирозлари бор” — Акмал Бурҳонов коррупционерлар реестри ва давлат сирларига доир қонун лойиҳалари ҳақида

Бир-иккита идораларнинг эътирозлари борлиги сабабли, коррупцион жиноят содир этган шахслар рўйхатига доир ва “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини муҳокамага қўйиш кечикмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маълум қилди.

“Ҳақиқатдан ҳам реестр ва “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари тайёр эди. Охирги келишув жараёни бор. Қонунчиликдаги тартибга кўра, уни жамоатчилик муҳокамасига қўйишдан аввал барча тегишли вазирлик-идоралар билан келишиш керак. Мана шу келишиш жараёни чўзилиб кетди.

Ўйлайманки, охирги нуқтаси қолди. Адашмасам, бир ёки иккита идоранинг [қонун лойиҳалари бўйича] эътирозлари бор эди. Шуларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузганмиз. Шундан кейин албатта жамоатчилик муҳокамаси учун қўямиз.

Давлат раҳбари томонидан коррупцион жиноят содир этганлар рўйхатини юритиш бўйича талаб ва вазифа қўйилган. Биз реестрнинг техник томонларини тайёрлаяпмиз, ишчи гуруҳ тузилган. Қонун қабул қилиниши ёки қилинмаслигидан қатъий назар кейинги йилдан реестр юритилиши, фармон ижроси таъминланади. Қонун қўшимча тартибларини таъминлаб беради”, – деди Акмал Бурҳонов 21 декабр куни Сенатнинг очиқлик қўмитаси йиғилишида Kun.uz мухбири саволига жавобан.

Эслатиб ўтамиз, 20 октябрдаги тадбирда ҳам агентлик директори коррупционерлар реестрига оид қонун лойиҳаси “кейинги ҳафта” очиқ муҳокамага чиқарилиши, давлат сирларига доир қонун лойиҳаси ҳам “тез кунларда” жамоатчиликка тақдим этилишини билдирган эди.

2021 йил июлида қабул қилинган очиқликка доир президент фармонида “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида” қонун лойиҳаси 2021 йил августигача ишлаб чиқилиши лозимлиги айтилган.

Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:

  • чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш;
  • чеклаб қўйилиши фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларнинг давлат сирларига киритилишини ман этиш;
  • фуқаролар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматчилари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштириш шартлари ва тартиблари;
  • ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва илғор тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.

Шунингдек, фармонда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилиши ҳам назарда тутилган.

Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

  • давлат хизматига қабул қилиниш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
  • сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзод кўрсатиш;
  • давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига кириш;
  • уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши; давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши;
  • давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.

Тегишли қонун лойиҳасини Президент Администрациясига киритиш муддати 2021 йил 1 октябрь этиб белгиланган.

Мавзуга оид