Конголиклар энди Англия билан ўйнайди

Конго ДР – Ўзбекистон 3:1
Голлар: Шомуродов, 10 (0:1). Висса, 68 – пеналти (1:1). Майеле, 78 (2:1). Висса, 90+1 (3:1)
Конго ДР: Мпаси-Нзау, Туанзебе, Мбемба, Масуаку (Кайембе, 83), Ван-Биссака, Мутуссами (Мукау, 72), Садики, Сипенга (Бонгонда, 72), Мбуку (Элиа, 72), Бакамбу (Майеле, 51), Висса
Ўзбекистон: Неъматов, Ҳусанов, Ўрозов (Искандаров, 82), Ашурматов, Мозговой (Сергеев, 82), Шукуров (Ғаниев, 59), Насруллаев, Алижонов, Ҳамдамов (Ҳамробеков, 59), Файзуллаев (Ўрунов, 73), Шомуродов
Огоҳлантиришлар: Садики, 21. Мбуку, 45. Мутуссами, 62 – Ҳусанов, 43. Насруллаев, 48

Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги янги форматни кўпчилик танқид қилганди, лекин унинг ижобий жиҳатлари ҳам бор. Шулардан бири – сўнгги турда турнир мотивациясига эга бўлмаган жамоалар кам бўлади. Қаторасига икки ўйинда жами 8 гол ўтказиб юборган Ўзбекистон ҳам плей-оффга чиқиш учун имконият сақлаб қолганди.

Бу имконият жуда кичик эди – Конго ДР билан ўйиндан олдин Opta Фабио Каннаваро шогирдларининг 1/16 финалга чиқиш имкониятини 0,1 фоизга баҳолаётганди. Ўзбекистонликлар учинчи ўрин эгалари орасида саккизликка кириш учун рақибни етти тўп фарқи билан мағлуб этиши ва голлар нисбатини яхшилаши талаб этиларди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бу ўйиндаги рақиби ишончли ҳимояси билан мақтана оладиган жамоа эди – конголиклар ЖЧ-2026 саралаш турнирида 12 учрашувда жами 7 гол ўтказганди.

Каннаваро Португалиядан учралган 0:5 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин яна ротацияга қўл урди, аммо жамоанинг асосий юлдузлари – Ҳусанов, Шомуродов, Файзуллаев – бошланғич таркибдаги ўрнини сақлаб қолди. Африкаликлар устози Себастиян Десабр ҳам жиддий ўзгариш амала оширди – конголиклар уч марказий ҳимоячидан иборат схемадан воз кечиб, 4-4-2 га ўтди. Француз мураббийининг қарорини тушуниш мумкин эди – Конго ДР плей-оффга чиқиши учун ғалаба қозониши талаб этиларди.

Бу ўйинда икки жамоага ҳам ғалаба кераклиги бетараф мухлислар учун ҳужумкор ўйин ваъда қилаётганди. Амалда ҳам мухлислар илк дақиқадаёқ гол кўришди. Ўйиннинг 30-сониясидаёқ Шомуродов Мпаси-Нзау қўриқлаётган дарвозани ишғол этди, аммо гол офсайд туфайли бекор қилинди.

Ўзбекистон бу билан тўхтамади ва 10-дақиқада яна гол урди: Мозговой тўпни жарима майдонига етказди, у ерда Файзуллаев тўпни тегинмай ўтказиб юборди ва унинг бу ҳаракати ҳимоячиларни чалғитди, Шомуродов эса ўткир бурчак остида турганига қарамай, нозик услубда зарба берди ва дарвозани ишғол этди.