Ўзбекистон | 11:32
365
2 дақиқада ўқилади

Фавқулодда вазиятлар соҳасини рақамлаштириш учун Digital Team ташкил этилди

Ҳукумат қарори билан фавқулодда вазиятлар соҳасида рақамли трансформацияни жадаллаштириш мақсадида Digital Team идоралараро рақамли жамоаси фаолияти тартиби тасдиқланди. Янги жамоа соҳага рақамли технологиялар, инновацион ечимлар ва электрон хизматларни кенг жорий этиш бўйича фаолият юритади.

Ҳукуматнинг 2026 йил 26 июндаги 329-сон қарори билан Digital Team идоралараро рақамли жамоаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур низом жамоанинг мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда 2027 йил якунига қадар фаолият кўрсатиш тартибини белгилайди.

Ҳужжатга кўра, идоралараро рақамли жамоага фавқулодда вазиятлар вазирининг рақамлаштириш, инновация ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари раҳбарлик қилади.

Жамоанинг асосий вазифалари қаторига аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасига рақамли технологиялар, замонавий дастурий маҳсулотлар, электрон хизматлар ва инновацияларни жорий этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш киради.

Шунингдек, соҳани рақамлаштиришга оид ташаббус ва таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни мувофиқлаштириш ҳам жамоанинг муҳим вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Низомга мувофиқ, идоралараро рақамли жамоа йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар баённома билан расмийлаштирилади. Йиғилиш баённомаси уч иш куни ичида жамоа раҳбари томонидан ҳамраҳбар билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид