Қонунга кўра, транзит рухсатномасини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза келиб тушган кундан бошлаб 20 кундан ошмаган муддатда қабул қилинади. Бу талаб махсус юклар ва ҳарбий таркиблар транзитини режалаштиришда аниқ муддат ва шаффофликни таъминлайди.

Шунингдек, агар қўшимча ўрганиш/текшириш ўтказиш ёки қўшимча ҳужжатлар талаб этиш зарурати туғилса, кўриб чиқиш муддати 10 кунгача узайтирилиши мумкин. Ушбу механизм орқали мақбул хавфсизлик текширувлари билан бирга транзит жараёнининг амалий тезкорлиги сақланиши кўзда тутилган.

Қонунда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кучлар таркиби ҳам аниқ белгилаб қўйилди: махсус ваколатли давлат органининг ҳарбий ва ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув бўлинмалари, Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг тегишли тузилмалари ва бўлинмалари ушбу вазифаларни амалга оширади.

Ҳужжатнинг қабул қилиниши транзит жараёнларидаги маъмурий тартиб-таомилларни стандартлаштириш, хавфсизлик талабларини таъминлаган ҳолда муддатларни аниқлаш ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарликни институционал жиҳатдан кучайтиришга хизмат қилади.