Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Онлайн қимор ва рақамли қарамликдан ҳимоя: 200 минг долларлик “Тиконча” иловаси ўсмирларни виртуал тузоқдан қандай асрайди?
Ёш дастурчи Саидбурхон Шуҳратов томонидан ишлаб чиқилган бу лойиҳа давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган ва уни республика бўйлаб жорий қилиш учун 200 минг доллар грант ажратилган. Мактаб ҳудудига кирганда телефондаги ўйин ва ижтимоий тармоқларни автоматик тарзда блокловчи мазкур платформа айни вақтда Андижондаги мактабларда синовдан ўтмоқда. Хўш, халқаро тақиқлар иш бераётмаган глобал рақамли қарамлик даврида ушбу миллий илова ўсмирларни онлайн қимор ҳамда виртуал чалғишлардан қандай ҳимоя қила олади? Интервьюда шу ҳақда батафсил танишишингиз мумкин.
2014 йилда ўсмир смартфонда кунига ўртача бир ярим соат вақт ўтказган бўлса, бугун мазкур кўрсаткич 8 соатдан кўпроққа етди. Бу куннинг учдан бир қисми виртуал дунёга қурбон қилинаётганини англатади.
Бутун дунё келажак авлодни рақамли қарамликдан сақлаб қолиш учун курашмоқда. 10 га яқин давлатларда ёшлар учун интернет қонун билан чеклаб қўйилган. Ўзбекистонда эса ҳозирча давлат даражасида бундай чекловлар йўқ.

Андижонлик 11-синф битирувчиси Саидбурхон Шуҳратов бу муаммога интеллектуал ечим таклиф қилди. У ўқувчиларнинг дарс қилиш жараёнида фокуси бошқа нарсаларга чалғиб кетмаслигини таъминловчи “Тиконча” номли махсус илова шакллантирди. Платформа орқали мактаб ҳудудига кирганда ўқувчиларнинг телефонидаги вақтни беҳуда сарфловчи ўйин ва турли иловалар автоматик блокланади.
“Тиконча” мобил иловаси айни пайтда Андижон мактабларида пилот версияда ишга туширилган. Белгиланган талаблар асосида тасдиқдан ўтса, бутун республика бўйича жорий этиш режа қилинган.

“Тиконча” қандай ишлайди?
“Тиконча” – мактаб ўқувчилари учун ишлаб чиқилган, рақамли назорат ва фокусни сақлашга мўлжалланган мобил илова бўлиб, унинг асосий вазифаси дарс жараёнида телефон сабабли чалғишни камайтиришдан иборат. Платформа ўқувчи, ота-она, устоз ва мактаб тизимини бирлаштирган ҳолда ишлайди ва смартфондан фойдаланишни “чеклаш эмас, бошқариш” тамойилига асосланади.
Иловани ишга тушириш учун фойдаланувчи дастурни Play Market ёки App Store'дан юклаб олади, ўқувчи сифатида рўйхатдан ўтади ва ўз мактабини танлайди. Тизим GPS орқали мактаб локациясини аниқлайди ва ўқувчи шу ҳудудга кириши билан автоматик тарзда белгиланган режим ишга тушади. Натижада ижтимоий тармоқлар, ўйинлар ва вақтни беҳуда сарфловчи иловалар блокланади, фақат зарур функциялар қолади.

Асосий чеклов функциялари
“Тиконча” иловасининг асосий бошқарув тизими уч турдаги ақлли чекловга асосланган бўлиб, улар ота-она ва мактаб раҳбариятига ўқувчининг смартфондан фойдаланишини тартибга солиш имконини беради. Ушбу ёндашув телефонни тўлиқ тақиқлаш эмас, мақсадли ва меъёрида ишлатишга йўналтиришга қаратилган. Қуйида тизимнинг асосий функционал йўналишлари келтирилади:
1. Ҳудудий чеклов (GPS): мактаб, ўқув маркази ёки уй ҳудуди белгиланади. Ўқувчи ушбу ҳудудга кириши билан унинг телефонидаги ижтимоий тармоқлар, ўйинлар ва кўнгилочар сайтлар автоматик равишда блокланади. Фақат луғатлар ва дарсликлар каби фойдали иловалар очиқ қолади.
2. Вақт жадвали: масалан, тунги соат 22:00 дан 07:00 гача фақат қўнғироқ ва SMS функциясини қолдириб, қолган ҳамма нарсани чеклаш мумкин. Бу боланинг тўйиб ухлашини таъминлайди.
3. Ишлатиш давомийлиги (лимит): Telegram ёки Instagram ўқувчига керак бўлиши мумкин, лекин унда соатлаб вақт йўқотмаслиги учун кунига максимал 1 соатлик лимит қўйилади. Лимит тугагач, илова ёпилади.

Ота-она бошқарув панели
“Тиконча” иловасининг ота-она бошқарув панели фарзанднинг телефондан қандай фойдаланаётганини масофадан туриб кўриш ва бошқариш имконини беради. Ота-она илова орқали боланинг кунлик ва ҳафталик экран вақтини билиб олади, қайси иловада қанча вақт ўтказилгани ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади.
Шу билан бирга, ота-оналар ҳар бир илова учун алоҳида чеклов қўйиши мумкин. Масалан, ижтимоий тармоқларга кунлик вақт белгилаш, ўйинларни чеклаш ёки керак бўлса айрим иловаларни бутунлай ёпиб қўйиш имконияти мавжуд. Телефон ишлатиладиган вақт оралиғини ҳам олдиндан белгилаш мумкин.
Тизимнинг муҳим жиҳати шундаки, ота-она фарзандини доим ёнида туриб назорат қилмайди. Барча бошқарув масофадан туриб амалга оширилади. Бу эса болаларнинг телефон билан муносабатини тартибга солишга, лекин уларни бутунлай чеклаб қўймасликка ёрдам беради.

Мактаб ва устоз тизими
Мазкур қисм орқали мактаблар ҳам тизимга уланади ва ўқувчиларнинг дарс жараёнидаги телефон ишлатиш ҳолати назоратга олинади.
“Энг асосий функциялардан бири дарс вақтида автоматик ёқиладиган “фокус режими”. Бу тизим ишга тушганда ўқувчиларнинг телефонида ижтимоий тармоқлар, ўйинлар ва чалғитувчи иловалар ёпилади. Натижада бола телефон эмас, дарсга эътибор қаратади. Фақат ўқиш учун керак бўлган иловалар, масалан, дарсликлар, луғатлар ёки таълимий дастурлар очиқ қолади”, – дейди Саидбурхон.
Муаллифнинг таъкидлашича, тизим мактаб ҳудудига кирган барча ўқувчилар учун умумий тартибни автоматик ишга туширади. Яъни ўқувчи таълим муассасасига келиши билан унинг телефони “ўқиш режими”га ўтади. Мазкур жараён устоз ёки директор томонидан қўлда бошқарилмайди, ҳаммаси автоматик ишлайди.
Бундан ташқари, “Тиконча” синф ёки бутун мактаб даражасида мониторинг қилиш имконини ҳам беради. Устозлар ўқувчиларнинг дарс вақтида телефон билан қанча шуғуллангани, қайси иловаларга киргани ва умумий рақамли фаоллигини кўра олади. Бу эса ўқувчиларнинг интизомини яхшироқ тушуниш ва таълим жараёнини самарали бошқаришга кўмаклашади.

Категория асосида блоклаш
“Тиконча” платформасидаги категория асосида блоклаш функцияси иловаларни алоҳида-алоҳида танлаш ўрнига, уларни гуруҳлар бўйича бошқариш танловини тақдим этади. Бу тизим фойдаланувчига анча содда ва қулай ёндашувни таклиф қилади. Масалан, ота-она ёки мактаб маъмурияти “ижтимоий тармоқлар”, “ўйинлар” ёки “зарарли сайтлар” каби тоифаларни бир тугма орқали чеклаши мумкин. Шунда ҳар бир иловани алоҳида қидириб, созлашга ҳожат қолмайди, тизим уларни автоматик тарзда гуруҳларга ажратади.
Натижада бир вақтнинг ўзида бутун бир категория чекланади. Бу эса назорат жараёнини тезлаштиради ва техник жиҳатдан ҳам осонлаштиради. Масалан, ижтимоий тармоқлар тоифаси ёпилса, унинг ичидаги барча иловалар автоматик равишда ишламай қолади.

“Билимдон” сунъий интеллекти
Иловага яна бир муҳим функция — “Билимдон” сунъий интеллекти ҳам қўшилган. Ушбу тизим ўқувчилар учун шахсий репетитор вазифасини бажаради. Унинг бошқа сунъий интеллектлардан асосий фарқи шундаки, чатбот уй вазифасини бажариб бермайди. Аксинча, мавзуни тушунтиради, қўшимча изоҳлар йўллайди ва ўқувчини жавобни мустақил топишга йўналтиради. Муаллифнинг фикрича, сунъий интеллект ўрганувчига тайёр жавоб топиб бериши эмас, билим олиш жараёнида йўл кўрсатиши керак.

Хавфсизлик масаласи: "Экранни кузатмаймиз"
Компания серверлари Тошкентда жойлашган бўлиб, хавфсизлик юқори даражада таъминланган. Саидбурхоннинг таъкидлашича, илова фойдаланувчиларнинг микрофони, SMS'лари, шахсий файллари ёки камерасига умуман дахл қилмайди.
"Биз Android тизими қоидалари асосида фақат матнли статистика оламиз: қайси илова қанча вақт ишлатилди, шуни аниқлаймиз, холос. Ҳатто энг кучли хакерлар базамизни бузиб кирганда ҳам ҳеч қандай шахсий маълумотни топа олмайди", – дейди у.
Нархлар: “лаваш пулидан ҳам арзон”
Мактаб ҳудудидаги барча чекловлар мутлақо бепул. Фақатгина ота-оналар фарзандини мактабдан ташқарида, яъни уй ёки ўқув марказларида ҳам назорат қилишни истаса, қўшимча премиум обуна мавжуд. Унинг нархи ойига бор-йўғи 24 000 сўм.

Таҳлиллар нима дейди?
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, смартфонлар оммалашганидан бери ёшлар ўртасида ҳаловатсизлик, руҳий зўриқиш, ҳаёт мазмунини йўқотиш ва ўзидан қониқмаслик ҳисси кескин ошган. Ачинарлиси, Ўзбекистон ёшлари ҳам бундай ҳолатдан мустасно эмас.
“Яқинда 10 мингга яқин ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари орасида изланишлар олиб бордик. Унга кўра,1 000 нафар ўқувчи кунига ўртача 10 соатдан ортиқ вақтини телефонда ўтказиши аниқланди, айрим ҳолатларда бу кўрсаткич 18 соатгача етиши қайд этилди. 300 нафар ўқувчи онлайн қимор (бетинг) ўйинларига муккасидан кетгани маълум бўлди. Энг даҳшатлиси эса 90,5 фоиз ота-она фарзандининг бундай ҳолатидан мутлақо бехабар экани тасдиқланди”, – дейди Саидбурхон Шуҳратов.
Муаллиф ҳақида: шахсий тажрибадан 200 минг долларлик давлат грантигача
Лойиҳа муаллифи Саидбурхон Шуҳратов IT соҳасида 6 та йўналишни мустақил ўрганган ёш дастурчи. У лойиҳа ғояси қандай пайдо бўлгани ҳақида шундай дейди:
"Дастурчилик, IT соҳасига оид билимларни YouTube'дан ўрганганман. Тўғри, фойдали томони бўлди, лекин барибир интернет оламида мен ҳам чалғиб қолардим. Ўшанда ўзимни фойдасиз иловалардан чеклаб, назорат қиладиган инструмент қидирдим. Мавжудлари жуда қиммат эди. Кейин нега ўзбек ёшлари, ота-оналарга мос бепул ва қулай инструмент шакллантирмаслигим керак, деб ўйлай бошладим. Шу тариқа “Тиконча” иловасини ишлаб чиқиш ишлари бошланди", – дейди у.
Дастлаб мактаб директори, кейинроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳа якунда Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди. Давлат раҳбари билан бўлган суҳбатдан сўнг, лойиҳани ривожлантириш учун 200 000 АҚШ доллари миқдорида давлат гранти ажратилди.
“Ҳозирда 14 кишилик жамоа, жумладан, катта тажрибага эга(senior) дастурчилар лойиҳа устида ишламоқда. Андижон вилоятининг ўзида 20 мингдан ортиқ ўқувчи тизимдан рўйхатдан ўтган”, – дейди муаллиф.
Лойиҳа доирасида Хитой тажрибаси ҳам ўрганилмоқда. У ерда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан кунига 40 дақиқа, ўйинлардан эса ҳафтасига фақат 3 соат фойдаланиш қонун билан чекланган.
"Ҳозир Ўзбекистонда ҳам 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солишга оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Лекин фақат чекловнинг ўзи муаммони ҳал этмайди. Буни бошқа давлатлар тажрибаси кўрсатди. Масалан, Австралияда жорий этилган чекловлардан кейин ҳам кўплаб ўсмирлар VPN ва бошқа усуллар орқали ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда давом этгани аниқланган. Шунинг учун бизнинг фикримизча, тақиқдан кўра, ота-она, мактаб ва технологияни бирлаштирган тизим самаралироқ бўлади”, – дейди Саидбурхон Шуҳратов.
Андижондаги муваффақиятли пилот синовлар ва текширувлардан сўнг, “Тиконча” иловасини бутун республика мактаблари бўйлаб жорий этиш режалаштирилган.
Иловадан фойдаланиш бўйича тўлиқ маълумотларни қуйидаги рақам орқали олиш мумкин:
Мавзуга оид
19:13 / 13.06.2026
Ўзбекистон фуқаролари консуллик хизматларидан мобил илова орқали фойдаланишлари мумкин бўлди
09:41 / 03.04.2026
Бегона номдаги рақам билан мобил иловада рўйхатдан ўтиш чекланади
20:01 / 16.12.2025
4 млндан 100 млн сўмгача. Humans иловаси орқали ўғирланган пулларни ким тўлайди?
09:12 / 16.12.2025