Аввалроқ Трамп Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган барча юкларга 20 фоизлик бож жорий этиш ғоясидан воз кечган, бироқ бир вақтнинг ўзида Эрон портларига денгиз блокадасини қайта эълон қилганди.
«Кейинги ҳафтада улар учун ҳаммаси ҳақиқатан ҳам жуда ёмон бўлади, – деган Трамп. – Биз уларнинг барча электр станцияларини ишдан чиқарамиз. Агар улар музокаралар столига ўтирмаса ва келишувни бошламаса, уларнинг барча кўприкларини вайрон қиламиз».
Доналд Трамп апрел ойида ҳам Эрондаги фуқаролик инфратузилма объектлари, жумладан, кўприклар ва электр станцияларга зарба бериш билан таҳдид қилганди.
Ўшанда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк «халқаро ҳуқуққа кўра, тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмалари объектларига қасддан ҳужум қилиш ҳарбий жиноят ҳисобланиши»ни эслатганди.
Уруш олиб боришни тартибга солувчи 1949 йилги Женева конвенцияси тинч аҳоли учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган объектларга зарба беришни тақиқлайди.
Бироқ, сешанба куни кечқурун Special Report with Bret Baier дастури учун берган интервюсида Трамп Эроннинг энергетика инфратузилмаси Америка зарбаларининг эҳтимолий нишонларидан бири бўлиб қолаётганини яна бир бор маълум қилди.
«Энергетика объектларини охирига олиб қўяман, аммо охир-оқибат биз уларга ҳам зарба берамиз», – деган АҚШ президенти.
Трампнинг сўзларига кўра, сешанба куни кечқурун америкалик музокарачилар Эрон томонига қатъий огоҳлантириш юборган.
«Улар келишувни тузгани маъқул. Акс ҳолда уларда ҳеч нарса қолмайди», – дейди Трамп.
Зарбалар алмашинуви ва шикастланган кемалар

U.S. Central Command / Reuters / Scanpix / LETA
АҚШ марказий қўмондонлиги (Centcom) «Эроннинг кемачиликка таҳдид қилиш қобилиятини янада заифлаштириш» мақсадида Ҳўрмуз бўғози яқинидаги ўнлаб нишонларига зарбалар берганини маълум қилди. Эрон армияси чоршанба куни мамлакат жануби-шарқидаги Бампур шаҳридаги базага берилган зарбалар оқибатида камида етти нафар эронлик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган. Эрон давлат нашрлари Бандар-Аббос порт шаҳри яқинида, Ҳўрмуз бўғозидаги Кешм оролида ва Бандар-Ҳумайнийда портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берган. Кейинроқ мамлакатдаги ягона фуқаролик атом электр станцияси жойлашган Бушир порти ҳам зарбага учрагани маълум бўлди.









