Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларус бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон раҳбарига Беларус президенти Александр Лукашенконинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Беларус ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон етакчисининг шу йил 8-9 июл кунлари Минск шаҳрига амалга оширган расмий ташрифи, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада самарали натижалар бергани мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида қабул қилинган чора-тадбирлар режасини ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмани барпо этишда Беларус тажрибасидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўлажак атом электр станциясини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларини экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, соҳа учун миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда тегишли олий таълим муассасалари ўртасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш шулар жумласидан.