Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Ҳужжатга мувофиқ, келгуси уч йилда макроиқтисодий ва солиқ-бюджет барқарорлигини таъминлаш, давлат молиясини самарали бошқариш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган устувор йўналишлар белгиланган.

Стратегияда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик асосий фискал қоидалардан бири сифатида қайд этилган. Шунингдек, давлат қарзининг ЯИМга нисбатини 40 фоиздан юқорига чиқармаслик мақсади ҳам сақлаб қолинган.

Ҳужжатга кўра, ушбу мақсадларга эришиш учун бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, харажатлар самарадорлигини ошириш, ўрта муддатли бюджетлаштириш тизимини ривожлантириш ҳамда фискал хатарларни бошқариш механизмларини кучайтириш чоралари амалга оширилади.

Шу билан бирга, 2026 йилда иқтисодиёт ўсиши 8,1 фоиз, 2027 йилда 6,9 фоиз, 2028 йилда 7,1 фоиз ва 2029 йилда 7,4 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Инфляцияни эса 2027 йилдан бошлаб 5 фоиз атрофида барқарорлаштириш режалаштирилган.

Фискал стратегияда давлат молиясини бошқаришни янада такомиллаштириш, бюджет жараёнларини рақамлаштириш, дастурий бюджетлаштиришни кенгайтириш ҳамда бюджетнинг очиқлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган.