Халқаро валюта жамғармаси ижроия кенгаши Украина учун амал қилаётган тўрт йиллик кенгайтирилган молиялаштириш (EFF) дастурининг биринчи шарҳини якунлади. Қабул қилинган қарорга мувофиқ, Киев яқин кунларда 690 млн доллар ёки 604 млн евро миқдоридаги иккинчи транш маблағини олади.

ХВЖ маълум қилишича, Украина дастур доирасида белгиланган барча асосий миқдорий кўрсаткичларни ўз вақтида бажарган. Шу билан бирга, давлат бошқаруви, коррупцияга қарши кураш, энергетика ва молия соҳаларидаги айрим таркибий ислоҳотларни амалга ошириш белгиланган муддатларга нисбатан кечиккан.

Иккинчи транш ажратилиши билан Украина мазкур дастур бўйича олган умумий маблағ ҳажми тахминан 2,2 млрд долларга етади.

ХВЖ, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши шароитида мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлигини сақлаш ва бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни бўйича маслаҳатлашувларни ҳам якунлади. Жамғарма бу жараён Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш мақсадларига мос келишини таъкидлади.

ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиеванинг таъкидлашича, Украина оғир уруш шароитига қарамай иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга муваффақ бўлмоқда. Бу эса пухта иқтисодий сиёсат, ХВЖ дастури ва халқаро ҳамкорларнинг молиявий қўллаб-қувватлаши самараси ҳисобланади.

Бироқ жамғарма Украина иқтисодиёти бўйича прогнозлар ёмонлашганини ҳам қайд этди. Бунга Россиянинг муҳим инфратузилма объектларига ҳужумлари кучайгани ҳамда Яқин Шарқдаги можароларнинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири асосий омил сифатида келтирилган. ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, Украина иқтисодиёти ўсиши 2026 йилда 1–1,6 фоиз атрофида бўлади, 2027 йилда эса ўсиш суръати 3,5 фоизгача тезлашиши кутилмоқда.

ХВЖ 2026 йил феврал ойида Украина учун умумий қиймати 8,1 млрд долларлик тўрт йиллик EFF дастурини тасдиқлаган эди. Ушбу маблағ 136,5 млрд долларлик халқаро молиявий қўллаб-қувватлаш пакетининг бир қисми ҳисобланади. Дастур мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини такомиллаштириш, ислоҳотларни давом эттириш ҳамда урушдан кейинги тикланиш жараёнини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шунингдек, халқаро баҳолашларга кўра, Украина инфратузилмасини кейинги ўн йил ичида тўлиқ тиклаш учун тахминан 588 млрд доллар маблағ талаб этилади.