Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда божхона органлари ходимлари томонидан «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида истиқомат қилувчи, 1993 йилда туғилган фуқарога тегишли автомашина ва унинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Текширув натижасида 1,1 килограмм «Алфа-ПВП», 1,9 килограмм марихуана, 65 грамм героин ҳамда 16 грамм «5Ф-АПИНАСА» гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, шунингдек, наркотикларни қадоқлашда фойдаланилган зип-пакетлар ва электрон торози ашёвий далил сифатида олинди.
Тезкор тадбирнинг давомида мазкур шахсга гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатиш бўйича топшириқ берган, 1988 йилда туғилган ва муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун судланган аёл ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Идора мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланишини кафолатлашини маълум қилди.











