Самарқанд шаҳри марказида арзон квартиралар ваъда қилинди, харидорлар билан шартномалар тузилди, миллионлаб сўмлик тўловлар қабул қилинди. Орадан уч йил ўтгач эса давлат органлари бу ҳудудда кўп қаватли уй қурилиши учун зарур ҳужжатлар мавжуд бўлмаганини маълум қилди. 
 

 

Kun.uz юзлаб мурожаатчилар, масъул идоралар ва расмий ҳужжатлар асосида мазкур ҳолатни ўрганди.

Шаҳар марказидаги Ибн Халдун ва Ал-Хоразмий кўчалари кесишмасида жойлашган бўш ер майдони бир неча йил аввал юзлаб оилалар учун орзу манзили сифатида тақдим этилган эди. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган рекламаларда бу ерда замонавий кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилиши, квартиралар эса бозордаги нархлардан анча арзон таклиф қилинаётгани айтилади.

 

 

2022 йилда ташкил этилган «GOLD HAUSE IDDK» масъулияти чекланган жамияти айнан шу лойиҳани ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб қилган. Компания вакиллари Самарқанд шаҳри тарихида бундай арзон нархда квартиралар таклиф қилинмаганини таъкидлаб, харидорларни акциялар ва бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятлари билан жалб қилишга уринган.

 

 

«Ўзбекистон тарихида ҳеч ким бундай нарх қилмаган. Самарқанд шаҳри тарихида ҳам бундай нарх бўлмаган. 56 квадратли уйни 20 минг долларга, 70 квадратли уйни 24 минг долларга берамиз», дейилади компания рекламаларидан бирида.

Рекламаларда бўлажак турар жой мажмуасининг макетлари, қурилиш майдони ва келажакда барпо этиладиган бинолар намойиш қилинади. Мурожаатчиларнинг айтишича, уларга айнан ҳозирги котлован жойи қурилиш майдони сифатида кўрсатилган.

«Рекламага ишондик»

Kun.uz суҳбатлашган мурожаатчиларнинг деярли барчаси қарор қабул қилишда ижтимоий тармоқлардаги рекламалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлганини айтмоқда.