29 июл куни эрталаб Astra ва Exilenova+ Telegram-каналлари ўзларининг очиқ манбалар таҳлили (OSINT) ҳамда фойдаланувчилар юборган фото ва видеоларга таяниб, Рязан вилоятининг Тюшево қишлоғи яқинидаги «Рязанский» индустриал паркида жойлашган Wildberries омборида ёнғин чиққанини маълум қилди.
Wildberries матбуот хизмати эса хавфсизлик талабларига мувофиқ Рязан шаҳридаги логистика объекти тўлиқ эвакуация қилинганини билдирди.
Рязан вилояти губернатори Павел Малкиннинг маълум қилишича, учувчисиз учиш аппаратлари қолдиқлари тушиши оқибатида саноат ҳудудларида ёнғин чиққан. Бироқ у қайси корхона ёки корхоналар жабрланганига аниқлик киритмади.
Губернаторнинг қайд этишича, ҳодиса оқибатида олти киши шифохонага ётқизилган. Улар ҳаётига хавф йўқ ва шифокорлар зарур тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Сўнгги ҳафталарда Украина Қуролли кучлари Wildberries компаниясининг Россия ва Россия томонидан қўшиб олинган Қримдаги логистика марказларига бир неча марта ҳужум уюштиргани хабар қилинган. Улар орасида Москва вилояти, Тамбов вилояти, Санкт-Петербург яқини ва Твер шаҳридаги омборлар ҳам бор.
25 июл куни Екатеринбургда ҳам Украина дронлари ҳужуми ортидан Wildberries омбори яқинидаги автотураргоҳда ёнғин чиққан, аммо омборнинг ўзи зарар кўрмаган.
«Коммерсант» газетаси маълумотига кўра, мазкур ҳужумлар натижасида маркетплейснинг умумий майдони 550 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган логистика қувватларининг 10 фоиздан зиёдига зарар етган.
Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Wildberries логистика марказларига берилган зарбаларни Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига қилган ҳужумларига жавоб деб атаган. Унинг сўзларига кўра, айрим логистика марказлари Россияда дронлар ва навигация ускуналари ишлаб чиқариш учун санкция остидаги бутловчи қисмларни етказиб беришда фойдаланилган.











