Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп: «Ҳамас қуролсизланади»
АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилар ва Ҳамас етакчилари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар Ғазода қуролсизланиш бўйича келишувга олиб келганини маълум қилди. Бироқ Ҳамас расмийси келишувни «қоралама» деб атади.
«Бугун Тинчлик кенгаши Ҳамас ва Ғазодаги бошқа барча қуролли гуруҳларни ТЎЛИҚ ҚУРОЛСИЗЛАНТИРИШ бўйича ТАРИХИЙ келишувга эришди», деб ёзди Трамп. У қуролсизланиш босқичма-босқич амалга ошишини қўшимча қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, бу келишув Ғазонинг «Тинчлик кенгаши» деб аталувчи тузилма билан ҳамкорлик қиладиган янги ҳукумат бошқаруви олиб боради.
Ҳамасдаги манбанинг Reuters’га маълум қилишича, «келишув қоралама»сида оғир қуроллар фақат Фаластин маъмурияти назорати остида сақланиши ва уларни Исроилга ўтказиб бериш мумкин эмаслиги белгиланган.
«Биз Исроил Ғазо секторидан олиб чиқиб кетилмагунча, қуролсизланиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмаймиз», деди Ҳамас музокаралар гуруҳи аъзоси Ғозий Ҳамад Al Jazeera'га.
Исроилнинг Вашингтондаги элчихонаси Трампнинг баёнотига изоҳ бермади. Пайшанба куни АҚШ расмийси журналистларга Исроил — «Ҳамаснинг қуролсизланишига жуда шубҳа билан қараётганини» айтганди. Манбага кўра, Трампнинг баёнотидан олдин Исроил ушбу таклифни рад этган.
Жараён қанча давом этиши ҳақида ҳам саволлар юзага келмоқда. Тинчлик кенгаши расмийси бу тахминан 200 кундан 320 кунгача вақт олишини айтди.
Музокараларда иштирок этаётган дипломатнинг айтишича, режа туннеллар, қурол захиралари ва қурол ишлаб чиқариш объектларини йўқ қилишни ўз ичига олади. У жараён охирига бориб Ғазода Ҳамаснинг ҳеч қандай инфратузилмаси қолмаслигини таъкидлади.
Аммо ҳозиргача Ғазодаги мавжуд реал вазият келишув мақсадларидан анча йироқ. Ҳамас Исроилнинг Ғазога ҳужумларни тўхтатиш бўйича мажбурият олишини ва ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишини хоҳлайди. Енгил ёки шахсий қуроллар масаласи нима бўлиши, шунингдек, Ҳамаснинг янги позицияси Исроил ёки Тинчлик кенгаши томонидан қабул қилинадими-йўқми, ҳозирча аниқ эмас.
Испанияда муҳожирлар тўлқини














