Тадбирда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашдилар.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатлари ва халқларининг барқарор ривожланиши, иқтисодий тараққиёти, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фаровонлигини юксалтиришга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон етакчиси сўзининг аввалида норасмий саммитни ўтказиш ташаббуси ва Иссиқкўл соҳилидаги илиқ қабул учун Қирғизистон президенти Садир Жапаровга самимий миннатдорлик билдирди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга ҳам Маслаҳат учрашувлари форматида самарали раислик қилаётгани учун ташаккур изҳор этилди.

Минтақа мамлакатлари мустақиллигининг 35 йиллик байрамларини нишонлаш арафасида ҳар бирининг давлатчиликни барпо этиш, иқтисодий ўсиш ва миллий тикланиш борасида эришган муваффақиятларига юксак баҳо берилди.

– Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро воқеликни таҳлил қилар экан, учрашув иштирокчиларини қатъият билан ҳаракат қилиш ва ўзаро мувофиқлашувни янада кучайтиришга чақирди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги – макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда.

– Биз учун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшнимиз – Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш борасида тарихий имконият очилмоқда, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасида барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва яхши қўшничилик учун мустаҳкам замин яратиш мақсадида минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича нуқтаи назарини баён қилди.

Аввало, минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантиришга ўтиш муҳимлиги таъкидланди. Унинг тузилиши ҳамкорликнинг самарали институтлари, тармоқ идораларининг яқин муносабатлари, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри алоқалари ҳамда ривожланишнинг асосий йўналишларидаги узоқ муддатли қўшма дастурларга таяниши зарур.