Visual Capitalist тайёрлаган инфографикада 2024 йилда энг кўп арраланган ёғоч материаллари ишлаб чиқарган давлатлар рейтинги келтирилган. Ҳисоб-китоблар ФАО статистикасига асосланган.

Маълумотларга кўра, АҚШ ўтган йили қарийб 76,45 миллион куб метр (2,7 миллиард куб фут) пиломатериал ишлаб чиқариб, жаҳон етакчилигини сақлаб қолган.

Иккинчи ўринни Хитой эгаллаган. Мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажми 59,47 миллион куб метр (2,1 миллиард куб фут)ни ташкил этган. Кейинги ўринларда Россия ва Канада қайд этилган.

Бешликни Ҳиндистон якунлаган бўлиб, у ерда қарийб 23,98 миллион куб метр (847 миллион куб фут) ёғоч материаллари ишлаб чиқарилган.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мазкур беш мамлакат ҳиссасига жаҳон пиломатериаллари ишлаб чиқаришининг ярмидан кўпроғи тўғри келади. Бу ҳолат уларнинг бой ўрмон захиралари, ривожланган ёғочни қайта ишлаш саноати ҳамда қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги юқори талаб билан изоҳланади.



Европа ҳам жаҳон ёғоч маҳсулотлари бозорида муҳим ўрин тутади. Қитъадаги энг йирик ишлаб чиқарувчилар Германия, Швеция ва Финландия ҳисобланади. Швеция ва Финландия бошқариладиган кенг ўрмон майдонлари ҳамда экспортга йўналтирилган саноати билан ажралиб туради. Германия эса ўзининг ўрмон ресурсларидан қурилиш ва қайта ишлаш тармоқларини таъминлашда самарали фойдаланмоқда.

Шунингдек, Австрия ва Франция ҳам дунёдаги энг йирик 15 та пиломатериал ишлаб чиқарувчи мамлакат қаторига киради. Бу Европа мамлакатларининг глобал ёғоч маҳсулотлари таъминотида муҳим ўрин тутишини яна бир бор тасдиқлайди.

Ҳисоботда қайд этилишича, АҚШ ҳозирча етакчиликни сақлаб келаётган бўлса-да, энг юқори ўсиш суръатларини Хитой намоён этмоқда. 2004 йилдан буён мамлакатда пиломатериаллар ишлаб чиқариш ҳажми уч баравардан кўпроқ ошган. Бунга жадал урбанизация, турар-жой ва тижорат қурилишига бўлган талабнинг ўсиши, шунингдек, инфратузилма лойиҳаларининг кенгайиши туртки бўлган.

Бугунги кунда Хитой нафақат йирик ишлаб чиқарувчи, балки дунёдаги энг катта ёғоч маҳсулотлари қайта ишловчиси ва истеъмолчиларидан бири ҳам ҳисобланади. Мамлакатда мебел, қурилиш материаллари ва саноатда қўлланадиган муҳандислик ёғоч маҳсулотларининг кенг турлари ишлаб чиқарилади.