Латвия ички ишлар вазири Янис Домбрава ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Беларус билан чегара «техник сабабларга кўра» ёпилганини маълум қилди. У ҳали Латвияга қайтиб улгурмаган фуқароларга мамлакатга кириш учун бошқа йўналишлардан фойдаланишни тавсия қилди.
Латвия Давлат чегара хизмати вакили Кристине Петерсоне маълум қилишича, «Патерниеки – Григоровшчина» назорат-ўтказиш пунктида ахборот тизимларида юзага келган носозликлар туфайли иш тўхтатилган. Ҳозирча муаммони қачон бартараф этиш мумкинлиги маълум эмас.
Бундан бир кун аввал Янис Домбрава Латвия фуқароларини Беларусга сафар қилмаслик ёки у ерда бўлган тақдирда тезроқ мамлакатни тарк этишга чақирган эди. Унинг таъкидлашича, Беларус томонидан амалга оширилаётган «гибрид миграция уруши» шароитида икки давлат ўртасида хавфсиз ҳаракатланиш қийинлашиши мумкин.
Шу билан бирга, қўшни Литвада ҳам чегара хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда. 28 июл куни Литва чегарачилари Беларус ҳудудидан қазилган ерости туннелини аниқлаган. Тахминан бир метр диаметрига эга бўлган туннел Литва ҳудудига чиқишга улгурмаган бўлса-да, расмийлар уни ноқонуний мигрантларни олиб ўтиш учун қурилган деб ҳисобламоқда.
Полшада эса 2025 йил давомида Беларус томонидан қазилган ерости туннели орқали 180 нафардан ортиқ ноқонуний мигрант мамлакатга киргани қайд этилган. Уларнинг қарийб 130 нафари ушланган. Шунингдек, ўтган йили Полша чегарачилари Беларус билан чегарада шундай тўртта ерости туннелини аниқлаган.











