Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари норасмий Маслаҳат учрашувининг тадбирларга бой дастури якунланди. “Иссиқкўл” аэропортида Ўзбекистон етакчиси ва рафиқасини Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва рафиқаси кузатиб қўйдилар.
Ўзбекистон президенти Чўлпонота шаҳрида қирғизистонлик ҳамкасби билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Учрашувларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, сув-энергетика ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама ҳамкорликни энг юқори даражага олиб чиқадиган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши саммитнинг муҳим натижаси бўлди. Давлатлараро кенгаш тузиш юзасиданкелишувга эришилди.
Шунингдек, давлат чегараси, ижтимоий ҳимоя ва пенсия таъминоти, олий таълим, фуқароларнинг келиб-кетиши, маданият, туризм ҳамда агросаноат мажмуаси соҳаларига оид салмоқли ҳужжатлар тўплами алмашилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш, саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли бўйлаб инфратузилмани ривожлантириш ҳамда Қамбарота-1 ГЭСни барпо этиш лойиҳасини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёевга Қирғизистоннинг олий давлат мукофоти – I даражали “Манас” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида ҳам иштирок этди.Ҳамкорликнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш, савдо ва транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, рақамли хизматларни кенгайтириш, таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга биргаликда қарши курашиш ҳамда гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалалариниқамраб олувчи минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Ташриф доирасида давлат раҳбарлари Қирғизистондаги илк халқаро тоифадаги голф клуби, янги беш юлдузли “Боку”меҳмонхонаси ҳамда Иссиқкўлда сув-мотор спорти бўйича чемпионатнинг очилиш маросимларида иштирок этдилар.
Тадбирлар якунига етгач, Ўзбекистон президенти рафиқаси билан Тошкентга жўнаб кетди.











