Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, вақтинчалик чекловлар 2026 йил 31 июл соат 23:00 дан 3 август соат 22:00 гача амал қилади.

Унга кўра, Оққўрғон кўчасининг Мустақиллик шоҳкўчаси билан кесишмасидан Осиё кўчасигача бўлган қисми ҳамда Паркент кўчасининг Мустақиллик шоҳкўчаси кесишмасидан Паркент-2 кўчасигача бўлган қисми транспорт ҳаракати учун ёпилади.

Маълум қилинишича, чекловлар асфалт ётқизиш ишларини сифатли ва хавфсиз якунлаш, йўл инфратузилмасини босқичма-босқич такомиллаштириш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги ҳайдовчилардан юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўраб, ушбу даврда муқобил йўналишлардан фойдаланишни ҳамда сафарларни олдиндан режалаштиришни тавсия қилди.