Бу ҳақда президентга алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга қаратилган таклифлар тақдимотида сўз борди.

Маълум қилинишича, кўзи ожиз педагогларга, шунингдек, махсус мактабларнинг бошланғич синфларига шахсий ассистент ва ёрдамчи ходимлар ажратилади.

Ногиронлиги бўлган болаларнинг уйига яқин жойда таълим олишига шароит яратиш мақсадида коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади. Ҳар йили камида 50 та мактабнинг инклюзив муҳитни яхшилашга қаратилган ташаббуслари грант асосида молиялаштирилади.

2027 йилдан болаларни матнни ўқиш қурилмалари, овоз синтезаторлари, Брайл дисплейлари ва бошқа ассистив жиҳозлар билан ваучер асосида таъминлаш таклиф этилди. 2027/2028 ўқув йилидан эса ногиронлиги бўлган шахсларга кириш ва сертификат имтиҳонларида қўшимча вақт, Брайл алифбоси, сурдотаржимон, ассистент ва бошқа зарур шароитлар яратилади.