Андижоннинг Эски шаҳар қисмида канализация учун чуқур қазиш февралда бошланган, лекин иш ниҳоясига етказилмай, чала қолдириб кетилган. Чуқурга шу пайтгача бир неча киши йиқилиб, оғир жароҳат олишди. Улардан бири ёш бола, иккинчиси эса кекса ёшли эркак. Улар ўз ёнидан харажат қилиб даволанишга мажбур бўлган. Ваҳоланки, хавфсизлик қоидалари бузилгани яққол кўриниб турибди. Ишлар тўхтаб қолгани ҳокимлик пул ажратмаётгани билан боғланяпти. Аввалроқ “Андижон полка”ни рекордлар қаторига киритиш 730 млн сўмга тушган эди.
Гап – Андижон шаҳридаги Заҳиридин Муҳаммад Бобур маҳалласи ҳудуди ҳақида кетяпти.
“Ҳудудда яшовчи ёш болалардан бири реанимацияда ҳам ётиб чиқди. Яқинда 70 ёшли қўшнимиз ҳам шу чуқурликка йиқилди.
Қазилган жойга одамлар чиқинди ташлаб кетишяпти. Атрофни қўланса ҳид тутиб кетган.
Маҳаллада Заҳириддин Муҳаммад Бобур музейи бор, сайёҳлар келадиган жой.

Кўчадан иккита машина ўтгудек бўлса, тирбандлик бўлиб кетяпти, битта машина зўрға ўтади. Ҳадемай қиш келади. Қировли кунларда бу кетишда ҳали ҳолат бундан-да аянчли бўлади.
Йўл бўйида савдо қиладиган тадбиркорлар дўконга ўтиш учун кўприклар қуриб олишган. Кўприкдан ўтиш эса жуда хавфли. Чуқурни деб кўплаб савдогарларнинг савдоси пасайиб кетди”, дейди Kun.uz'га мурожаат йўллаган аҳоли вакилларидан бири.
“Ўғлим чуқурга йиқилган, қарзимиздан ҳалиям қутула олмадик”
“Ўғлим шу чуқурликка йиқилди. Бош миясидан жароҳат олиб, шифохоналарда ётиб чиқди. Қарз ҳавола қилиб, амаллаб дори-дармон топиб бердик. Шароитим оғирлигидан ҳалиям ўша қарзлардан қутулолганимиз йўқ. Катта фарзандим ҳам бетоб, унинг дориларидан орттириб қўшимча шифокорларга кўрсатиш учун кичик фарзандимга имконият қила олмадим.
Боламда йиқилиш асорати қолган, шифокорларга кўрсатинг дейишди. Лекин имкониятим йўқ. Шифохонада ётган кунларимдаги қарзларим ҳали ҳам узилгани йўқ. Фарзандим шу аҳволга тушди, бошқаларнинг боласи азобланишини хоҳламайман. Илтимос, чуқурни тезроқ ёпиб беришсин.
Маҳалла раисига кириб ўғлим чуқурликка йиқилиб оғир аҳволга тушиб қолди десак, у болам чуқурликка эмас, уйимизда йиқилиб тушганини айтиб, ишни ёпишга ҳаракат қиляпти”, – дейди чуқур туфайли ўғли азият чеккан она Дилрабо Назирова.
Ёқилғисиз қолган экскаваторчи...
Ўша ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли вакилига кўра, ишчиларга ойлик маош берилмагани сабаб қурилиш ишлари ўз якунига етмай, чала қолиб кетган.
“Уйимиз ёнига экскаваторини қўйиб кетган ҳайдовчи билан гаплашиб қолдим. У қурилиш ишларига жалб қилинган экан. Ҳайдовчи ойлик тугул техникасини бошқариш учун ёқилғисига ҳам пул берилмаётганидан шикоят қилди. Маблағ йўқлигидан бошқа ишчилар ҳам кетиб қолган”, дейди у.
“Ҳоким ўринбосаридан сўранг”
Ҳудудда қурилиш ишларини олиб бораётган “Yuksalish-Umid” МЧЖ қурилиш ишлари назоратчиси билан телефон орқали суҳбатлашдик.
У маҳалладаги инфратузилма анча эскиргани, қазилган йўналишда барча коммуникация воситалари (канализация, сув, электр) бир жойда ўтиши учун керакли ишлар қилаётганини айтди.
Қурилишнинг тўхтаб қолиши сабабини эса Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари Улуғбек Тўрақуловдан сўраш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Назоратчи ҳудудда тез фурсат ичида яна ишлар бошланишидан умир билдирди.
Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари Улуғбек Тўрақулов билан боғланишнинг иложи бўлмади. Аввал йиғилишда дея айтилган ҳоким ўринбосари кейин қўнғироқларимизга жавоб бермади.
Маълумот ўрнида, Андижон вилояти бюджетининг 2026 йил захира жамғармаси ҳисобидан Маданият бошқармасига “Андижон полка” рақсини “Гиннес рекордлари” китобига киритиш билан боғлиқ харажатларга 730 млн сўм миқдорида маблағ ажратилган.










