Россия армияси 5 августга ўтар кечаси Киев шаҳри ва Киев вилоятига баллистик ракеталар билан зарба берди. Ҳужум оқибатида пойтахтнинг Оболон, Деснян, Голосеев туманлари ҳамда шаҳар атрофида ёнғинлар юзага келди, бир қатор турар жой бўлмаган биноларга зарар етди.
Киев шаҳар мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Голосеев туманида хусусий турар жой уйи вайрон бўлган ва унинг вайроналари остида одамлар қолган бўлиши мумкин.
Киев шаҳар ҳарбий маъмуриятининг дастлабки маълумотларига кўра, пойтахтда бир киши ҳалок бўлган, камида 12 киши жароҳатланган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати эса Киев шаҳрининг ўзида жабрланганлар сони 15 нафарга етганини маълум қилди.
Киев вилоятида ҳам ҳужумлар оғир оқибатларга сабаб бўлди. Вилоят ҳарбий маъмуриятининг билдиришича, Буча, Бровари ва Фастов туманларида инфратузилма объектлари шикастланган. Буча туманида бир киши ҳалок бўлган.
Вилоят бўйича жами 21 нафар тинч аҳоли жароҳат олган. Жумладан, Бровари туманида 13 киши, Фастовда 3 киши ва Бучада 5 киши тан жароҳати олган.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, Бровари туманида логистика марказлари, омборхоналар, ишлаб чиқариш корхоналари ва савдо объектларида ёнғинлар чиққан. Буча туманида логистика мажмуалари зарар кўрган бўлса, Фастов туманида корхона ҳудудида ёнғин юзага келган.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россия ҳужумлари фақат Киев билан чекланмаганини маълум қилди. Шу кеча Одесса, Запорижжя, Днипропетровск, Харкив ва Миколайив вилоятлари ҳам ракета ва дронлар ҳужумига учраган.
Украина расмийлари сўнгги вақтларда Россиянинг баллистик ракета ҳужумларини қайтариш тобора қийинлашаётганини таъкидламоқда. Президент Володимир Зеленский буни мамлакатда АҚШнинг Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун ракета захираси етишмаётгани билан изоҳлаган. Унинг сўзларига кўра, айнан ушбу тизимлар баллистик ракеталарни йўқ қилишда энг самарали воситалардан бири ҳисобланади.












