Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган терговга қадар текширувда G.M. МЧЖ масъул шахслари компьютер техникаси ёрдамида гўёки 76,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар харид қилингани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштиргани аниқланган.

Текширувга кўра, улар назорат-касса машиналари орқали савдо тушумларини сунъий равишда кирим қилиб, фуқароларга сотилгани ҳақида сохта харид чекларини расмийлаштирган. Кейинчалик ушбу чеклар Telegram орқали Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган 2 475 нафар фуқарога 70–150 минг сўмдан сотилган.

Натижада Soliq Mobile иловаси орқали 7,5 миллиард сўм кешбэк ҳисобланган бўлиб, шундан 4,1 миллиард сўми тўлаб берилган. Тергов маълумотларига кўра, ушбу маблағлар бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Шунга ўхшаш ҳолат департаментнинг Чилонзор тумани бўлими томонидан ҳам аниқланган. Унда E.G. ва I.F. МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, 10 миллиард сўмлик маҳсулотлар хариди ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирган.

Улар ҳам сохта харид чекларини Telegram орқали Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган 1 812 нафар фуқарога 100–150 минг сўмдан сотган. Бу орқали 1 миллиард сўм кешбэк ҳисобланган бўлиб, шундан 640,8 миллион сўми тўлаб берилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.