Литва мудофаа вазири Робертас Каунас Россия Болтиқбўйи минтақасидаги муҳим инфратузилма объектларига эҳтимолий ҳужумлар тайёрлаётган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Литва разведкаси Москва бундай сценарийни истисно этмаяпти. Бунга Россиянинг Болтиқ давлатлари Украинага ўз ҳаво ҳудудидан Россияга зарба бериш учун фойдаланишга рухсат берган, деган нотўғри тасаввури сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Вазирнинг таъкидлашича, эҳтимолий ҳужумларда Россия томони қўлга киритилган украин учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиши мумкин. Бу орқали Москва ҳужумлар учун масъулиятни Украина зиммасига юклаш, Киевга бўлган ишончни сусайтириш ва НАТО давлатларининг Украинага кўмагига салбий таъсир кўрсатишни мақсад қилган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Робертас Каунас ҳозирча Болтиқ давлатлари учун тўғридан тўғри ҳарбий таҳдид мавжуд эмаслигини таъкидлади.

Россиянинг Украинага қарши тўлиқ кўламли уруши бошланганидан бери Литва, Латвия ва Эстония бир неча бор ўз ҳаво ҳудудига дронлар кириб келгани ҳақида хабар берган. Расмийларнинг баҳолашича, уларнинг айримлари Россия, айримлари эса эҳтимол Украинага тегишли бўлиб, кўп ҳолларда Россия радиоэлектрон кураш воситалари таъсирида белгиланган йўналишдан оғиб кетган.

Бу каби ҳодисалар Болтиқ давлатларида хавфсизлик бўйича хавотирларни кучайтириб, ҳаво мудофааси ва дронларга қарши тизимларни мустаҳкамлашга, шунингдек, НАТОнинг минтақа ҳаво ҳудудини қўриқлаш миссиясини кенгайтиришга туртки бўлган.