Америка разведкаси Владимир Путин яқин бир неча йил ичида алянс мамлакатларидан бирига чекланган ҳужум уюштириб, «НАТОнинг қатъиятини синаб кўриши» мумкин, деб ҳисоблайди. Бундай тахминлар янги разведка ҳисоботларида мавжуд, деб ёзади The Wall Street Journal.

АҚШдагилар шу пайтгача Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда Путин НАТО билан можарода кескинлик келтириб чиқармайди, деб ҳисобларди. Бироқ, энди баҳолар ўзгарган: таҳлилчилар фикрича, Россия-Украина урушида кўзга кўринадиган муваффақиятлар йўқлиги фонида Россия президентига қандайдир сезиларли ғалаба керак. WSJ нашри ёзишича, «бурчакка сиқиб қўйилган Путин янада хавфлироқ бўлиб қолиши мумкин» деган хавотирлар мавжуд.

Разведка томонидан кўриб чиқилаётган эҳтимолий таҳдидлар кўлами даражасига кўра ўзгариб туради – киберҳужумлар ёки бирор бир ҳудудни босиб олиш учун диверсантлар юборишдан тортиб, НАТОнинг шарқий қанотидаги мамлакатлардан бирига чекланган тарзда бостириб киришгача. Охирги сценарийнинг эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда, бироқ вақт ўтиши билан эҳтимол ортиб боради.

Америка расмийлари фикрича, эҳтимолий ҳужумдан мақсад алянсни парчалаш бўлиши мумкин. Кенг кўламли босқин НАТО Низомининг Коллектив мудофаа тўғрисидаги бешинчи моддасини ишга туширишга сабаб бўлади – аммо гибрид ҳужумлар ёки киберҳужумлар амалга оширилган ҳолатлар учун алянсда аниқ белгиланган ҳаракат режаси йўқ. Масалан, Путин АҚШ бундай ҳолатда иттифоқчиларга фақат чекланган ёрдам кўрсатиши мумкинлигига умид қилиши мумкин.

Америка разведкасига кўра, Россия томондан тажовузкор ҳаракатлар 2026 йил кузидан 2029 йилга қадар бўлган оралиқда кузатилиши мумкин.

НАТОдагилар WSJ’га берган расмий изоҳида «мунтазам равишда турли сценарийлар ўйланиши» ва уларга тайёргарлик кўрилишини айтишган. Алянс вакили Мартин ОʼДоннелл ташкилот «зарурат туғилганда тийиб туриш ва мудофааланишга тайёрлиги»ни намойиш этишда давом этаётганини таъкидлаган.

Литва мудофаа вазири Робертас Каунас шу кунларда Россия Болтиқбўйи мамлакатларидаги муҳим инфратузилмага зарба бериш имкониятини кўриб чиқаётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун Москва Украинанинг қўлга олинган дронларидан фойдаланиши мумкин. Каунас Ғарб иттифоқчилари орасида Украинага бўлган ишончни йўқотиш ва уни қўллаб-қувватлашни камайтириш эҳтимолий ҳужумларнинг мақсади бўлишини айтган. Шу билан бирга, у ҳозирча «тўғридан тўғри таҳдид» йўқлигини қайд этган.