Ҳусийлар ҳужуми
Пайшанба куни Ямандаги ҳусийларнинг Саудия Арабистони жанубига қилган ҳужуми оқибатида 11 нафар тинч аҳоли вакили жароҳат олди. Бу ҳақда Саудия бошчилигидаги ҳарбий коалиция матбуот котиби генерал майор Турки ал-Маликий маълум қилди.
Унинг айтишича, жанубий Нажрон провинциясидаги ҳужумда Саудиянинг етти нафар, шунингдек, Яман, Миср ва Покистон фуқаролари жароҳатланган. Жабрланганлар орасида иккинчи даражали куйиш жароҳатини олган 4 ёшли бола ҳам бор.
Маликий ҳусийларни тинч аҳоли ҳудудларини тартибсиз ўққа тутишда айблади ва коалиция тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун чораларни кўришини таъкидлади.
Шунингдек, ҳусийлар пайшанба куни Мариб ва Ҳадрамаут провинцияларида ўзлари Саудия Арабистони ҳарбий қисмлари деб атаган жойларга ҳужум уюштириб, Яман ҳукуматининг 30 дан ортиқ аскарини ўлдирган.
АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан беш ойдан бери давом этаётган уруши Саудия Арабистонининг хавфсизлик борасидаги ҳисоб-китобларини тобора мураккаблаштирмоқда.
Чунки ҳусийларнинг ҳаракатлари, масалан, Саудия нефт экспортини тўхтатиб қўйган Қизил денгиз қамали — минтақавий хавфларни ошириб юборди.
Саудиялик амалдорнинг Reutersʼга айтишича, разведка хизматлари — ҳусийлар ва Ироқ қуролли гуруҳлари тез орада қиролликнинг энергия инфратузилмаси, портлар ва аэропортларга мувофиқлаштирилган ҳужумлар уюштириши мумкинлигини аниқлаган.
Шу боис Ар-Риёд асосий иттифоқчилари билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилмоқда. Хусусан, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон жума куни подшоҳликда мудофаа бўйича келишув имзолаши кутилмоқда. Келишув тафсилотлари ҳозирча маълум қилинмаган. Амалдорнинг айтишича, режалаштирилган ҳужумлар ушбу дипломатияни йўққа чиқаришга қаратилган бўлиши мумкин.
Трампдан миграцияга қарши янги фармонлар
Президент Доналд Трамп пайшанба куни АҚШда туғилиш бўйича фуқароликни чекловчи иккита янги фармонни имзолади. Шу билан бирга у Олий суднинг фуқаролик бўйича аввалги қарорини «жуда ачинарли» деб атади.
Икки ой олдин Олий суд Трампнинг аввалги уринишларини рад қилганди.
Туғилиш бўйича фуқаролик олиш ҳуқуқи АҚШ Конституциясининг 14-тузатишида мустаҳкамланган. Қоида чет эл дипломатлари ёки душман кучлари аъзоларининг фарзандлари каби жуда камдан кам истиснолардан ташқари, АҚШда туғилган чақалоқлар учун фуқароликни кафолатлайди.















