Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида «Ўзбекистон президенти администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонун кўриб чиқилиб, сенаторлар томонидан маъқулланди.
Таъкидланишича, қонун янги таҳрирдаги конституция талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, президент администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.

Ҳужжатга мувофиқ, президент администрацияси давлат раҳбарининг ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди. Шунингдек, унда администрациянинг фаолият принциплари, таркибий тузилиши, иш фаолиятини ташкил этиш тартиби, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари белгилаб берилган.
Қонунда администрация мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ҳуқуқий кафолатлари ҳам мустаҳкамланган. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро муносабатларнинг ҳуқуқий асослари аниқлаштирилган.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида АҚШ, Финландия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия, Қозоғистон ва бошқа қатор давлатларнинг тажрибаси ўрганилган.
Сенаторлар фикрича, мазкур конституциявий қонун президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга хизмат қилади.












