Шимолий Америка ҳаво-космик мудофаа қўмондонлиги (NORAD) маълумотига кўра, ҳодиса 9 август куни Ню-Жерси штатидаги Бедминстер ҳудуди устида содир бўлган.
Бу ерда АҚШ президенти Доналд Трампга тегишли хусусий голф-клуб жойлашган. Президентнинг ушбу ҳудудда бўлиши муносабати билан ҳаво ҳудудида парвозларга вақтинчалик чеклов — TFR режими амал қилган.
NORADʼнинг F-16 қирувчилари белгиланган ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирган умумий авиацияга тегишли иккита ҳаво кемасини аниқлаб, уларни тутиб қолган.
Шундан сўнг фуқаролик самолётлари қирувчилар ҳамроҳлигида чекланган ҳудуддан хавфсиз олиб чиқилган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ёки бошқа салбий ҳолатлар ҳақида маълумот берилмаган.
Трамп ўша пайтда голф-клубда бўлган
Ахборот агентликлари маълумотига кўра, Доналд Трамп ўтган дам олиш кунларини Бедминстердаги голф-клубида ўтказган.
Fox News телеканали ва The New York Post нашри самолётлар президентга тегишли голф майдонларидан бири яқинидаги осмонда тўхтатилганини хабар қилган.
АҚШ ҳарбийлари операцияда нечта F-16 қирувчиси иштирок этганини очиқламаган. Шунингдек, вақтинчалик парвоз чекловини бузган фуқаролик ҳаво кемаларининг русуми ва уларда қанча киши бўлгани ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
Dpa агентлиги қайд этишича, бундай қоидабузарликлар кўпинча кичик хусусий самолётлар билан боғлиқ бўлади.
NORAD ҳодисадан сўнг умумий авиация учувчиларига ҳар бир парвоздан олдин NOTAM — учувчилар учун расмий авиация хабарномаларини текшириш ва вақтинчалик парвоз чекловларига қатъий риоя қилиш зарурлигини эслатган.
АҚШда президент бўлиб турган ҳудудлар атрофида хавфсизлик мақсадида ҳаво ҳудудидан фойдаланишга вақтинчалик чекловлар жорий қилиниши мумкин. Бундай ҳудудга рухсатсиз кирган ҳаво кемаларини ҳарбий авиация кузатиб, чекланган ҳудуддан чиқариб юборади.











