Миллий статистика қўмитаси ҳар ой якунида ҳудудлардаги 1 кг палов тайёрлаш учун керак бўладиган масаллиқлар қийматининг ўртача нархларини эълон қилиб боради. Kun.uz ушбу маълумотлар асосида ўзбекистонликларнинг асосий истеъмолидаги миллий таоми бўлган палов тайёрлаш нархларининг ўзгаришини ўрганди.
Июл ойи якунларига кўра, Тошкент шаҳрида 1 кг палов тайёрлаш учун 128 730 сўмлик бозорлик қилиш керак. Фарғонада ҳам масаллиқлар қиймати бошқа ҳудудларга нисбатан қимматроқ: 125 283 сўм.
Қорақалпоғистонда эса 1 кило ош дамлаш энг арзон – 107 396 сўмга тушади.

Бу нархлар 8 та маҳсулотни ўз ичига олади: 0,7 кг мол гўшти, 1 кг лазер гуруч, 0,3 л кунгабоқар ёғи, 1 кг сабзи, 300 г пиёз, 100 г нўхат, 10 г зира ва 20 г ош тузи.
2025 йилнинг июл ойидан 2026 йилнинг июль ойигача палов индекси қуйидагича ўзгарган:

Статистика қўмитаси маълумотлари асосида Kun.uz ҳисоб-китоблари
Маълум бўлишича, 2025 йилнинг июл ойидан 2026 йилнинг июл ойигача ош учун масаллиқлар нархи Хоразм ва Андижон вилоятларида 10 фоиздан кўпроққа, Бухоро вилояти ва Тошкент шаҳрида эса 9 фоиздан кўпроққа кўтарилган.
Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Жиззах да “палов инфлацияси” 7 фоизни ташкил этган.
Маълумот учун, Статистика қўмитаси 2026 йил июл ойи якунлари бўйича Ўзбекистондаги инфляция даражасини 6,4 фоиз деб эълон қилди. Хусусан, йиллик нисбатда озиқ-овқат маҳсулотларининг ошиши ҳам 6,4 фоизни ташкил қилган. Эътиборли жиҳати, деярли барча ҳудудларда палов нархининг ошиши расмий озиқ-овқат маҳсулотлари инфляциясидан юқори бўлган.










