Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг Telegram орқали хабар беришича, зарбалар вилоят марказидаги саноат объектлари ва инфратузилмага ҳам теккан. Шунингдек, турар жойлар, нотурар бинолар ҳамда гараж кооперативи зарар кўрган.

Ҳужумдан кейин шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилган ва ёнғинлар келиб чиққан. Федоров эълон қилган видеоларда олов ичида қолган бинолар ва автомобилларни кўриш мумкин.

Айни кечада Киевда ҳам бир неча бор ҳаво тревогаси эълон қилинган. Украина расмийлари буни Россия томонидан баллистик қурол қўлланиши эҳтимоли билан изоҳлаган. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 01:20 ҳолатида пойтахтда бир киши жабрлангани маълум бўлган.

Киев мэри Виталий Кличконинг билдиришича, тиббиёт ходимлари бригадаси Шевченко туманига йўл олган.

Полтава вилоятида эса Россия қўшинларига тегишли деб кўрсатилган учувчисиз учиш аппарати парчалари кўп қаватли уй томига тушган. Полтава вилояти давлат маъмурияти раҳбари Виталий Дякивничнинг маълум қилишича, ушбу ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган.

Запорижжяга ҳужумлар бир кун аввал ҳам амалга оширилган эди. 10 август куни кундузи Россия армияси шаҳарга бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берган, кейинроқ эса ҳудудга дронлар орқали ҳужумлар давом этган. Украина томони маълумотларига кўра, ўша ҳужумлар оқибатида камида 26 нафар маҳаллий аҳоли вакили яраланган.