Россия қўшинлари 10 август, душанба куни кундузи Запорижжя шаҳрига янги ҳаво зарбаларини берди. Украина Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳужум оқибатида жабрланганлар сони камида 26 нафарга етган.
«Запорижжяда Россия ҳаво зарбалари оқибатида жабрланганлар сони ошди. Ҳозирги вақтда 26 киши жабрлангани маълум», — дейилади Украина ИИВнинг маҳаллий вақт билан соат 16:15 да эълон қилинган хабарида.
Маълум қилинишича, жабрланганлар орасида уч нафар бола, 14 нафар аёл ва тўққиз нафар эркак бор.
Запорижжя вилояти прокуратураси ҳамда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров аввалроқ шаҳарга бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берилганини маълум қилган эди.
Федоровнинг билдиришича, ҳужумдан кейин тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилаётган шаҳар аҳолиси сони ортиб борган. Зарба оқибатида етказилган зарар ва вайронагарчиликлар кўламига оид маълумотлар аниқлаштирилмоқда.
Маҳаллий вақт билан соат 17:30 да Федоров Запорижжя шаҳри ва вилоятига ҳужумкор учувчисиз учиш аппаратлари билан янги ҳужум хавфи пайдо бўлганини ҳам маълум қилди.
Шу куни Харкив вилоятида ҳам қурбонлар қайд этилди. Украина расмийларига кўра, Чугуев туманидаги Бугаевка қишлоғининг артиллериядан ўққа тутилиши оқибатида турар жой вайрон бўлиб, беш киши ҳалок бўлган.
Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов маълумотига кўра, бир сутка давомида вилоятнинг 24 та аҳоли пункти Россия зарбаларига учраган. Ҳужумлар оқибатида тўққиз киши жароҳатланган.
Шунингдек, фермер хўжаликлари, корхоналар, дўконлар, хусусий ва кўп қаватли уйлар, дон омборлари ҳамда маъмурий бинолар каби фуқаролик инфратузилмаси объектлари шикастланган ёки вайрон бўлган.
10 августга ўтар кечаси Суми шаҳри ҳам бошқариладиган авиабомбалар билан ҳужумга учраган. Суми вилояти давлат маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг маълум қилишича, фуқаролик инфратузилмасига беш марта зарба берилган ва оқибатда камида 14 киши жароҳатланган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, 10 августга ўтар кечаси Россия Украинага Х-59/69 русумли бошқариладиган авиация ракетаси, учта «Бандероль» барражловчи ўқ-дориси ҳамда 126 та Shahed, «Гербера» туридаги ҳужумкор ва нишонни чалғитувчи дронлар билан ҳужум қилган.
Украина томони 92 та дрон ва учта барражловчи ўқ-дорини уриб туширган ёки радиоэлектрон воситалар ёрдамида бостирганини маълум қилди.
Шу билан бирга, 22 та жойда 31 та ҳужумкор дрон нишонга теккани, яна икки ҳудудга дрон парчалари қулаб тушгани қайд этилган. Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг билдиришича, Россия томонидан учирилган авиация ракетаси кўрилган қарши чоралар натижасида ўз нишонига етиб бормаган.












