Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатда янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли ошган.

Хусусан, январ–июн ойларида Ўзбекистонда жами 44 226 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 3 810 тага ёки 9,4 фоизга кўп.

Ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган — пойтахтда олти ой давомида 9 626 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган.

Кейинги ўринларни Тошкент вилояти — 4 593 та, Хоразм вилояти — 3 963 та ва Самарқанд вилояти — 3 581 та кўрсаткич билан эгаллаган.

Шунингдек, Фарғона вилоятида 3 208 та, Қашқадарё вилоятида 2 783 та, Жиззах вилоятида 2 458 та, Сурхондарё вилоятида 2 442 та ва Андижон вилоятида 2 413 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган.

Бухоро вилоятида бу кўрсаткич 2 305 тани, Наманган вилоятида 2 276 тани, Қорақалпоғистон Республикасида 1 964 тани ташкил этган.

Нисбатан кам янги тадбиркорлик субъектлари Навоий ва Сирдарё вилоятларида қайд этилган. Хусусан, Навоий вилоятида 1 462 та, Сирдарё вилоятида эса 1 152 та янги бизнес субъекти ташкил этилган.

Шу тариқа, 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, янги бизнеслар ташкил этилиши бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент, Хоразм ва Самарқанд вилоятлари юқори кўрсаткичларни қайд этган.