Вазирлар Маҳкамасининг «Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқарувини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳужжат Ўзбекистон президентининг 2026 йил 6 майдаги «Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–78-сон фармони ҳамда «Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–172-сон қарори ижросини таъминлашга қаратилган.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси негизида Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси ташкил этилади. Унга барча суд бошқарувчиларининг аъзо бўлиши мажбурий бўлади.

Палата юридик шахс мақомига эга нотижорат ташкилот бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда суд бошқарувчиларини бирлаштирувчи ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Палата суд бошқарувчиларининг қонунчиликка мувофиқ амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида ишлайди.

Ташкилот суд бошқарувчиларининг кириш ва аъзолик бадаллари, ҳомийлик маблағлари, халқаро ташкилотлар грантлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, янги палата Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси бўлади.

Суд бошқарувчиларининг рейтинги юритилади

Палатанинг асосий вазифаларидан бири суд бошқарувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш ва соҳада ягона амалиётни шакллантириш бўлади.

У суд бошқарувчиларининг касбий тайёргарлиги ва малакасини оширишни ташкил этади, улар фаолиятига оид статистик маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади, ижобий тажрибаларни оммалаштиради ҳамда услубий ёрдам кўрсатади.

Палата тўловга қобилиятсизлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳам иштирок этади.

Бундан ташқари, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва судларда суд бошқарувчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш палатанинг вазифаларидан бири бўлади.