Президент Шавкат Мирзиёев 17 август куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Қонун тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қўшимча кафолатлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва соҳадаги муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган.
Ҳужжат билан тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг асосий принциплари ҳам аниқ белгилаб берилди. Улар қаторига қонунийлик, тадбиркорликнинг эркинлиги, тадбиркорлик субъектларининг тенглиги, ишончни ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг дахлсизлиги, тадбиркорликка оид қонунчиликнинг барқарорлиги ва аниқлиги киритилган.
Қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилади. Кичик тадбиркорлик субъектларига якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар ва кичик корхоналар киради. Ўрта тадбиркорлик субъектлари учун календарь йил давомидаги жами даромад мезони 10 млрд сўмдан 100 млрд сўмгача, йирик тадбиркорлик субъектлари учун эса 100 млрд сўмдан юқори этиб белгиланган.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг қайси тоифага кириши календарь йил давомидаги жами даромади асосида аниқланади.
Тадбиркорларга давлат кўмагининг турлари белгиланди
Янги қонун билан тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий турлари ҳам белгилаб берилди.
Жумладан, тадбиркорлар молиявий ва мулкий, инфратузилмавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши, шунингдек, уларга давлат грантлари, кредитлар ҳамда қонунчиликда белгиланган солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилиши мумкин.
Молиявий кўмак доирасида иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар учун грантлар ажратиш, тижорат банкларига кредитлар учун молиявий ресурслар жойлаштириш, кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш ҳамда халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш назарда тутилган.
Тадбиркорларга давлат кафолати остида имтиёзли кредитлар жалб этиш имконияти ҳам белгиланмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонунлар билан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар берилиши мумкин.
















