20 августга ўтар кечаси ва пайшанба тонгида Россия томонидан амалга оширилган ракета зарбалари оқибатида пойтахт Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларда камида 12 киши ҳалок бўлди.
Украина фавқулодда хизматларига кўра, тунги «йирик ҳужум» нишонида кўп қаватли турар-жой бинолари ва омборхоналар бўлган. Зарбалар оқибатида камида 33 киши жароҳатланган.


Мернинг қўшимча қилишича, Соломянский туманидаги саноат марказига ҳам ракеталар келиб тушган.

Украина фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари ёнғин билан курашаётгани ва вайрон бўлган объектлардан одамларни қутқараётгани акс этган видеони намойиш этди.

Киев вилоятининг Бровари туманига уюштирилган ҳужумда эса бир киши ҳалок бўлган ва яна бир киши жароҳатланган.

BBC нашрининг президент Зеленскийдан иқтибос келтиришича, ўтган ҳафта давомида Украина бўйлаб ўндан ортиқ минтақа нишонга олинган: Россия 1550 дан ортиқ ҳужумкор дрон, 1560 та бошқариладиган авиабомба ва 62 та ракета учирган.
Россиянинг ўзи ҳам ҳужумларга учрамоқда
Россия сўнгги ойларда Украинага қарши ҳаво ҳужумларини кучайтириб, Киевда баллистик ракеталарни уриб туширувчи воситаларнинг ўткир танқислигидан фойдаланиб қолишга уринмоқда.
Россия мудофаа вазирлигига кўра, Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларга берилган ҳаво зарбалари – дрон қисмлари ишлаб чиқарувчи объектлар, ҳарбий омбор, логистика маркази ва бошқа нишонларга зарба берган.

Сўнгги ҳафталарда Украина ҳам Россия ичкарисига уюштираётган ҳужумларини кучайтирди. Яқинда Москвани нишонга олган 600 та дрондан иборат ҳужумлар тўлқини шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Украина нефть объектлари ва логистика инфратузилмасини нишонга олган ҳолда Россияга қарши ҳужумларини кучайтирган.
Бу ҳафта Россияга қилинган иккита алоҳида ҳужум оқибатида камида 16 киши, жумладан, бир нафар ёш бола ҳалок бўлди.
Музокараларда силжиш йўқ
Россия 2022 йилнинг февраль ойида қўшнисига қарши босқин бошлаганидан бери, Украина ҳудудининг тахминан бешдан бир қисмини ўз назоратида ушлаб турибди.
Урушда узоқ муддатли ўт очишни тўхтатиш бўйича олиб борилаётган дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳозиргача ҳеч қандай натижа бермади.

Шу ойда президент Володимир Зеленский урушни тугатиш режаси бўйича америкалик музокарачилар – Стив Уиткоф ва Жаред Кушнерга таклифлар киритганини айтганди. У шунингдек ракета ҳужумларини қайтариш учун бир неча бор ракеталарни уриб туширувчи ҳаво мудофаа тизимларини (interceptor) сўраган.
Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова эса Кремль америкалик музокарачилар билан юз бериши мумкин бўлган янги учрашувлар бўйича аниқ таклифлар олмаганини билдирди. Бироқ Москва қисқа муддат ичида учрашув ташкил этишга тайёр.
Доналд Трампнинг вакиллари Уиткоф ва Кушнер сўнгги бор жорий йил январ ойида Москвада бўлишганди. Улар ҳозирча Киевга ташриф буюрмади.









