Германияда ҳарбий тайёргарликдан ўтаётган украиналик ҳарбий хизматчилар орасида қисмни ўзбошимчалик билан тарк этиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Die Zeit нашри маълумотига кўра, 2022 йилдан бери мамлакат бўйича бир неча юз шундай ҳолат аниқланган.
Хусусан, Германиянинг Саксония-Анҳалт федерал ерида 2022 йилдан буён жанговар тайёргарлик курсларига келган 80 дан ортиқ украиналик ҳарбий машғулотларни ўзбошимчалик билан тарк этган.
Нашрнинг қайд этишича, Украина қонунчилиги бундай ҳаракатни дезертирлик сифатида баҳолайди. Шу сабабли Украинага қайтган тақдирда бундай ҳарбий хизматчилар 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Die Zeit материалида Германияга ҳарбий тайёргарлик учун юборилганларнинг бир қисми Украина Қуролли кучлари сафига мажбурий тарзда жалб қилингани ҳам таъкидланган. Айрим ҳарбийлар Саксония-Анҳалтдаги Алтенграбов полигонида машғулот ўташи учун юборилганидан кейин хизмат жойини ташлаб кетган.
Шу билан бирга, Германияга қочқин сифатида келаётган украиналик фуқаролардан фарқли равишда, ҳарбий хизматчиларга вақтинчалик ҳимоя тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилмайди.
Маълумотларга кўра, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланган 2022 йил феврал ойидан бери Германияда қарийб 29 минг нафар украиналик аскар ва офицер жанговар тайёргарлик курсларидан ўтган. Бундай курслар одатда бир неча ҳафта давом этади.
Нашр ёзишича, дастлаб Германия полигонларига асосан юқори мотивацияга ва муайян жанговар тажрибага эга украиналик ҳарбийлар юборилган. Кейинги вақтларда эса Украина армияси сафига жанговар тажрибаси бўлмаган ва урушда қатнашиш истаги паст бўлган кишилар ҳам тобора кўпроқ жалб қилинаётгани айтилмоқда.
Die Zeit Германияда қайд этилган дезертирлик ҳолатларини ҳам шу омиллар билан боғламоқда. Айни пайтда келтирилган маълумотлар Украина ёки Германия расмий идораларининг умуммиллий статистикаси эмас, балки нашр тарқатган маълумотларга асосланган.









