Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.

Саммит кун тартибидан Ўзбекистон – Озарбойжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштириш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари диққат марказида бўлади.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашадилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш ҳамда қатор иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.