20 август куни Яқин Шарққа Американинг «Жорж Вашингтон» номли авиаташувчиси етиб келди. У минтақага январ ойида – АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужуми бошланишидан олдинроқ келган «Авраам Линколн» авиаташувчисидан жанговар навбатчиликни қабул қилиб олди. «Линколн» АҚШнинг Эронга қарши барча ҳарбий амалиётларида иштирок этди. У жами 250 кундан ортиқ вақт мобайнида навбатчилик қилди ва ва денгизда узлуксиз бўлиш давомийлиги бўйича аввалги рекордни янгилади. Денгизчиларнинг яқинлари кемадаги шароит жуда оғир аҳволга келиб қолганини айтиб беришган. Оғир меҳнат, антисанитария, шунингдек, озиқ-овқат ва дам олиш етишмаслиги туфайли экипаж аъзоларининг руҳй ҳолати кескин ёмонлашган, баъзилар бортдан сакраб, жонига қасд қилишга уринган.

«Авраам Линколн» (Abraham Lincoln) авиаташувчиси хизматни 2025 йил ноябрида бошлаган (ўшанда у Венесуэла соҳиллари яқинига юборилганди). 2026 йил январида уни Яқин Шарққа олиб келишди, 28 феврал куни эса АҚШ ва Исроил Эрон бўйлаб зарба беришга киришди. Ҳарбий кема Эрон позицияларини бомбалаш ва портларини блоклаш бўйича кампанияларда иштирок этди.

Дастлаб қисқа муддатли кампания сифатида режалаштирилган Яқин Шарқдаги уруш ярим йилдан ортиқ вақтга чўзилди. Бу вақт давомида авиаташувчи денгизда қолди ва экипаж аъзолари (унинг умумий сони беш мингга яқин) оғир шароитлардан, жумладан, озиқ-овқат етишмаслиги ва антисанитария ҳолатларидан шикоят қила бошлади.

Июл ойида «Линколн» денгизда узлуксиз бўлиш бўйича 207 кунлик нуқтадан ўтди ва бу борада 2020 йилги пандемия чоғида «Дуайт Эйзенҳауэр» авиаташувчиси томонидан ўрнатилган рекордни янгилади.

«Линколн»нинг бутун навбатчилик давридаги портга ягона кириши Яқин Шарққа жўнашдан олдин, 11–12 декабр кунлари қайд этилганди. Ҳарбий денгизчиликка ихтисослашган Stars & Stripes нашрига кўра, одатда, авиаташувчи экипажи аъзолари ҳар 30-45 кунда портга кириш имкониятига эга бўлади, лекин оператив вазифалар бу тақвимни бузиши мумкин.

Операцияларнинг юқори суръати, катта зўриқиш ва дам олиш йўқлиги денгизчиларнинг аҳволига таъсир кўрсатган. «Бизнинг руҳий саломатлигимиз ва жисмоний ҳолатимиз хавф остида. Бизга ёрдам керак», – деб ёзганди июл ойида денгизчилардан бири ўз оиласига йўллаган мактубида. Жамоанинг бошқа аъзолари ҳам толиқишдан шикоят қилишган. Бундан ташқари, денгизчилар гигиена воситалари етишмаслиги, шунингдек, ишламайдиган ҳожатхоналар, моғор босган душхоналар ва узоқ вақт давомида иссиқ сув бўлмагани ҳақида ҳикоя қилишган.