Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Озарбойжон президентларини икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени топширилди.

Ўзбекистон раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Озарбойжон президентининг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади.

– Сиз улуғ отангиз – атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Сизнинг раҳбарлигингиздаги оқилона ислоҳотлар туфайли Озарбойжон тараққиёт борасида ва халқаро майдонда улкан ютуқларга эришмоқда.

Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон – Озарбойжон кўп қиррали муносабатларини кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари қарор топишида айнан унинг ўрни беқиёс.

Ўз навбатида, Озарбойжон президенти юксак эътироф учун Ўзбекистон етакчиси ва халқига миннатдорлик изҳор этиб, дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳидаги ҳар томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжоннинг олий давлат мукофоти – “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирланди.

Мукофотни давлат раҳбарига Озарбойжон президенти Илҳом Алиев топширди.

Ўзбекистон етакчиси Озарбойжон президенти ва қардош Озарбойжон халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни абадий дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қўшма саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.

– Мазкур орден мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Унга бутун умрини Ватанига хизмат қилишга бағишлаган улуғ давлат арбоби Ҳайдар Алиевич Алиевнинг номи берилган. Айнан шу инсон Озарбойжоннинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳайдар Алиев Ўзбекистон тарихи ва маданиятини юксак қадрлагани, икки халқ яқинлашувига салмоқли ҳисса қўшгани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон келгусида ҳам барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириб, қардошлик муносабатлари эса янги амалий мазмун билан бойиб боришига ишонч билдирилди.

Таъкидлаш жоизки, “Ҳайдар Алиев” орденига турли йилларда Франция президенти Жак Ширак, Кувайт Амири Сабоҳ ас-Сабоҳ, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Италия президенти Сержо Маттарелла ва бошқа кўплаб давлат арбоблари сазовор бўлган.