2026 йил 23 августда Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари ҳузурида пенсия таъминоти бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, дея хабар берди Пенсия жамғармаси ахборот хизмати.
Битимга кўра, икки давлатдаги иш стажлари пенсия миқдорини ҳисоблашда биргаликда инобатга олинадиган бўлди.
Шунингдек, пенсия фуқаро иккинчи давлатга кўчиб кетса ҳам тўланади ва камайтирилмайди. Пенсия тайинлаш бўйича аризаларни бир давлатга топшириш мумкин бўлади, расмий мурожаат иккинчи давлатга ҳам юборилади. Икки давлатнинг ваколатли органлари ўртасида тўғридан-тўғри ахборот алмашиш жараёни йўлга қўйилади.
Тайинланган пенсия фуқаронинг бошқа томон ёки учинчи давлат ҳудудида яшаши сабабли камайтирилмайди, тўхтатиб турилмайди ёки бекор қилинмайди. Фуқаронинг аризасига кўра пенсия уни тайинлаган давлатда тўланиши ёки иккинчи давлат ҳудудига ўтказилиши мумкин.









