Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросимида сўнгги ўн йилда халқ билан ҳамжиҳат бўлиб амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
“Ўтган даврда мамлакатимизга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирди. Иқтисодиётимиз 2,5 баробардан зиёд кўпайди. Жорий йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Саноат тармоқлари, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 минг доимий иш ўрни яратилди. Давлат ва хусусий сектор иштирокида 1 миллион 200 минг ўринли замонавий мактаб, 342 минг ўринли боғча ва 62 минг ўринли шифохоналар ишга туширилди.
Одамларнинг узоғини яқин қилиш учун 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилди ва таъмирланди. Ҳудудларда 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви кириб борди, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги замонавий уй-жойга эга бўлди. Халқимизда “Уйли бўлиш – ватанли бўлиш” деган нақл бор. Шу маънода, камида 2,5 миллион аҳоли ватанли бўлди!” – деди давлат раҳбари.

Президент бугун Янги Ўзбекистоннинг овози энг нуфузли минбарларда баланд янграётгани ва халқчил, тинчликпарвар сиёсати дунёда эътироф этилаётганини таъкидлади.
“Ҳеч шубҳасиз, юқоридаги барча ўзгаришлар кўп миллатли халқимиз, сиз каби жонкуяр юртдошларимиз меҳнати билан амалга ошмоқда”, – деди Шавкат Мирзиёев.









