Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Таъкидланишича, бугунги кунда жойларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ва хавфсиз муҳитни шакллантиришда профилактика инспекторлари муҳим ўрин тутади.

Шу муносабат билан уларнинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва ваколатлари ҳамда касбий фаолияти кафолатларини ягона қонун билан аниқ белгилаш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасида профилактика инспекторининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда хизматни ўташ тартиби белгилаб берилмоқда.

Инспекторни бегона ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди

Лойиҳада профилактика инспекторининг касбий фаолиятига асоссиз аралашишга йўл қўймаслик назарда тутилган.

Шунингдек, инспекторни унинг хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш ва унга қўшимча вазифалар юклашга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Бу орқали профилактика инспекторларининг асосий эътиборини бевосита ўз хизмат вазифалари, жумладан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли билан ишлашга қаратиш кўзда тутилган.

Ҳар чоракда аҳоли олдида ҳисобот беради

Қонун лойиҳасида профилактика инспекторларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, профилактика инспектори ҳар чоракда ўзига бириктирилган хизмат ҳудудида амалга оширилган ишлар юзасидан аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг профилактика инспектори фаолиятига нисбатан «ишончсизлик ташаббуси»ни билдириш механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Тақдим этилган маълумотда ушбу ташаббусни билдириш тартиби, бунинг учун қанча фуқаронинг қўллаб-қувватлаши талаб қилиниши ёки «ишончсизлик» билдирилиши қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келишига аниқлик киритилмаган.

Инспекторларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади

Ҳужжатда профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича ҳам қатор кафолатлар назарда тутилган.

Жумладан, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини давлат томонидан ҳимоя қилиш, меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, хизмат ва уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда самарали фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда.